Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Асосий вазифамиз – адолатли қонунлар қабул қилишдан иборат
2017-12-12 | Сиёсат
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, партиянинг Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоят ва туманлар кенгашлари масъул ходимлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашларидаги партия гуруҳи вакиллари, партия фаоллари, ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси мазмун-моҳияти хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Асосий эътибор, “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” мавзусидаги маърузада билдирилган фикрлар, илгари сурилган ташаббус ва вазифаларни халқимиз, айниқса, партия электорати манфаатлари асосида ҳаётга татбиқ қилишда партия ва унинг депутатлари олдида турган устуворликларга қаратилди.
Таъкидландики, мазкур маъруза ўзининг моҳият-эътиборига кўра, қисқа вақт ичида мамлакатимиздаги кенг миқёсли ўзгаришлар ҳамда истиқболда олдимизда турган долзарб вазифаларни қамраб олгани билан алоҳида аҳамиятлидир.
Маърузада таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида шу йилнинг ўзида 20 дан ортиқ қонун ва 700 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Демак, энг муҳим вазифалардан бири, жойларда мазкур нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши устидан самарали назорат олиб бориш талаб этилади.
Давлат раҳбари Тошкент шаҳрида туманлар даражасида халқ депутатлари кенгашлари таъсис этилганига алоҳида эътибор қаратиб, сайловларда эл-юрт учун чинакам жон куйдирадиган, одамийлик фазилатлари ва гражданлик позицияси билан аҳоли ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган инсонлар халқ ноиблари этиб сайланишига эътибор қаратдилар. Шундан келиб чиқиб, айни пайтдаги сайловолди кампанияси даврида мазкур жиҳатга алоҳида ёндашиш зарурлиги қайд этилди.
Сўзга чиққанлар томонидан конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим асос бўлаёгани, бу борада ортда қолаётган йилда амалга оширилган тарихий ислоҳотлар аҳамияти хусусида атрофлича тўхталиб ўтдилар.
Шу билан бирга, “Буюк келажак бугундан бошланади” деган шиор асосида халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар бўйича фикр алмашилди.
Жумладан, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган принцип барча учун асосий қоидага айланиши лозимлиги қайд этилди. Дарҳақиқат, жойларга чиқиб, одамларнинг эҳтиёжлари, муаммолари билан яшаш ва уларнинг ечимини топиш борасида янада фаолроқ, ташаббускор бўлиш талаб этилади.
Бунинг учун, энг аввало, жорий йилдаги ўрганишлар натижаларини яна бир бор пухта таҳлил қилиб, фойдаланилмаган имкониятларни тўла ишга солиш, сайловчилар билан ишлашнинг замонавий ва самарадор воситаларини қўллаш, бу борада илғор хорижий тажрибани ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқдир.
Шу билан бирга, Президентнинг турли даражадаги ижро ҳокимияти органларининг халқ вакиллари – парламент ва маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобот бериш амалиётини кенг жорий қилиш, парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати механизмларини янада ривожлантириш зарурлиги ҳақидаги фикрлари асосида 2018 йил учун барча даражадаги депутатлик бирлашмаларининг бу борада алоҳида режаларини ишлаб чиқиш бўйича масаласи атрофлича муҳокама қилинди.
Партия учун маърузада яна бир муҳим жиҳат, фаолиятимиз энг муҳим конституциявий қоидага – ижтимоий адолат тамойилини таъминлашга қаратилиши шарт экани эътироф этилди. Мазкур масала партия дастурий мақсадларига тўла ҳамоҳанг эканлигидан келиб чиқиб, келгусида “ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш борасидаги асосий вазифамиз – бу адолатли қонунлар қабул қилишдан иборат” деган тамойил депутатлик корпуси учун дастуриламал бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда билдирилган фикр мулоҳазалар асосида фракциянинг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси