Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адолат ва ҳақиқат ғоялари депутатлик корпуси фаолиятининг асосий мезони
2017-12-12 | Сиёсат
Жорий йилнинг 11 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик корпуси олдида турган вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиши ўтказилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ва Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Марказий аппарат масъул ходимлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят Кенгаши фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, янгича мазмун ва йўналишда бўлиб ўтган байрам тадбирида давлатимиз раҳбари томонидан Асосий қонунимизда ифода этилган ҳаётбахш нормалар асосида ўтган 25 йил давомида халқимиз эришган ютуқлар эътироф этилиб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, ўтган чорак аср мобайнида Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.
Фракция аъзолари ўтган қисқа даврда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан мулоқот қилишнинг самарали тизими йўлга қўйилганлиги, Олий Мажлис ва сиёсий партияларнинг ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилиб, парламент ва жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланаётгани, суд-ҳуқуқ тизимининг тубдан ислоҳ қилингани, Ўзбекистон тарихида биринчи матораба судлар томонидан ҳукм қилинган 2 минг 700 нафар шахс Президент Фармони билан афв этилгани, давлат органларига кадрларни танлашдаги “эски тизим” бартараф этилаётгани ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилгани Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифаларнинг амалиётда ўз ижросини топишида муҳим рол ўйнаганлигини эътироф этишди.
Шу билан бирга, жорий йилда Мактабгача таълим вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилгани ҳам партия томонидан таълим, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш соҳасида илгари сурилган ташаббусларнинг рўёбга чиқишида муҳим аҳамият касб этганлиги йиғилишда сўзга чиққанлар томонидан мамнуният билан қайд этилди.
Фракция йиғилишида, шунингдек, Президентимиз томонидан белгилаб берилган тараққиётнинг янги босқичида олдимизда турган устувор вазифалар ижросини таъминлашда партия депутатлик корпусининг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.
Қайд этилганидек, парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати механизмларини янада ривожлантиришда партия депутатлик корпусининг фаол иштирокини таъминлаш, партия лойиҳалари доирасида жойларда ўрганилаётган ижтимоий масалалар юзасидан ижроия ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитишни кенг йўлга қўйиш, сайловчилар билан доимий мулоқот ўрнатган ҳолда уларнинг ўз вакиллари фаолияти ҳақида хабардорлигини таъминлаш лозим.
Шунингдек, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш партия депутатларининг доимий эътиборида бўлади.
“Адолат” СДПнинг энг устувор вазифаси саналган ижтимоий адолат тамойилини, яъни сиёсий қарашлари, жинси, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, қонун олдида барча фуқароларнинг тенглигини ҳамда таълим, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги имкониятлар тенглигини таъминлаш, адолатли қонунлар қабул қилишда фаол иштирок этиш партиядан сайланган ҳар бир депутат фаолиятининг асосий йўналиши бўлмоғи зарур. Зеро, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғоялари партия депутатлик корпуси қонунчилик фаолиятининг асосий мезони ҳисобланади.
Йиғилиш якунида Президентимиз маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларни ижро этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси