Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Биргаликда эзгу мақсадлар сари
2017-12-11 | Жамият
Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган тантанали тадбирни телевизор орқали кўрдим, айниқса, давлатимиз раҳбарининг маърузасини жуда ҳаяжон билан тингладим. Юртимизда инсон манфаатлари ва унинг шахсининг ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазасини такомиллаштириш йўналишида ташланаётган қадамлар мени нафақат раҳбар, балки оддий фуқаро, аёл, она сифатида жуда қувонтирди
Шавкат Мирзиёевнинг “Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур” деган сўзлари барчамизнинг қалбимизда эртанги кунга бўлган ишончни мустаҳкамлади.
Байрам арафасида эълон қилинган авф туфайли яқин 3 минг нафар ҳамюртимиз озодликни чеклаш жойларидан оилалари бағрига қайтиши мен каби оналарнинг қалбини шодликка тўлдиргани, ҳар бир хонадонда раҳбаримиз ҳаққига дуолар қилингани шубҳасиз.
Шу билан биргаликда, муҳтарам Президентимиз юртимизда жорий этилган янгиликларга тўхтала туриб, Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида шу йилнинг ўзида 20 дан ортиқ қонун ва 700 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилинганлигини айтдилар. Сизу-биз, оддий фуқаролар учун “Халқ қабулхоналари”нинг очилганлиги, Президент портали ишга туширилганлиги, фуқароларимиз мурожаатлари юқори даражада кўриб чиқилаётганлиги, барча даражадаги давлат раҳбарларининг халқ орасига кириб бораётганлиги, ҳар бир хонадон, оилада бўлиб, уларнинг муаммолари билан танишаётганлиги ва халқнинг оғирини енгил қилиш борасида кенг кўламли ишлар бошланиб кетганлигига ҳар биримиз гувоҳмиз. Айниқса, давлатимиз раҳбари кам таъминланган ва эҳтиёжманд фуқаролар, ногиронлиги бор инсонлар учун жуда катта имкониятлар яратишга бош-қош бўлаётганликларини эътироф этиш лозим. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг биринчи кунлариданоқ бошланган хайрли ишлар тўхтовсиз давом этаётганининг гувоҳи сифатида шуни айтишим мумкинки, вилоятимизнинг ўзида 80 дан ортиқ ногиронлиги бор аёлларимиз нафақат ишли, балки уйли бўлдилар. Уларни тўлақонли ҳаёт кечиришга жалб этиш мақсадида юртимизнинг энг йирик корхоналарига касаначи сифатида ишга жойлаштирилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 декабрь куни эълон қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ўзи мамлакатимизда инсонпарварлик ғояларининг устувор эканининг қаъий исботидир.
Хотин-қизлар ўрасида соғлом турмуш тарғиботини кучайтириш, бу борада оғзаки тарғибот, мажлисбозлик билан чегараланиб қолмасдан, балки жиноятга мойиллиги бор, нотинч оилаларда истиқомат қилувчи аёллар ва қизлар билан яқиндан муносабатда бўлиш, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ечимини топишга кўмаклашиш каби долзарб масалалар кун тартибимиздан ўрин олган. Эрта никоҳнинг олдини олиш ва қизларимизни турмушга тайёрлаш, қайнона-келин ва эр-у хотин муносабатларини тубдан ўрганиш, хотин-қизларимиз маънавиятига дарз кетказадиган, улар ўртасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳам бизнинг олдимизда турган вазифалардир.
Нечоғли оғир бўлса-да, тан олишимиз керак, хотин-қизларимиз ўртасида жиноятга қўл урганлар сони кам эмас. Инсонни фақат жазолаш билан, фақат репрессив усуллар билан тарбиялаб бўлмаслигини давлатимиз раҳбари эътироф этиб, уларни қайта тарбиялаш, жамият ҳаётига қўшиш ишларига ўз баҳоларини бердилар.
Бугунги кунда аёл-қизларимизнинг тадбиркорлик соҳасига шиддат билан кириб бораётганлиги туфайли Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти таъсис этилиши ҳам жуда муҳим қадам бўлганлигини эътироф этиш зарур. Давлатимиз раҳбари юқори минбардан туриб, “Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат, деб қабул қилиш керак” деб алоҳида таъкидлаб айтдилар, бу юртимизда тадбиркорликнинг келажаги борлиги, яқин келажакда гуриллаб ривожланишидан дарак беради.
Юртимиз етакчисининг ёшларга бўлган эътиборини таъкидлаш лозим. Давлат ёшлар учун уларнинг соғлом туғилишидан бошлаб, токи мустақил ҳаётга киргунича барча зарур шароитларни яратиб бериш мақсадида қандай катта ишларни амалга ошираётганини бугун бутун дунё кўриб турибди.
“Айни пайтда фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг замон талабларига мос келмаслиги ҳам сир эмас. Ушбу соҳага бир пайтлар эътиборимизни сусайтириб юборганимиз оқибатида кўпгина муаммолар йиғилиб қолганини очиқ айтиш лозим” – дедилар раҳбаримиз ўз маърузаларида. Боғча тарбиясини кўрган боланинг онги, дунёқараши қандай юқори бўлишини эътироф этар экан, шунинг учун ҳам Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганлигини таъкидладилар. Мен оддий қишлоқ аёли сифатида бунинг нечоғли муҳим эканини яхши биламан. Қишлоқларимизда қуриладиган замонавий боғчалар болаларимиз учун ҳам, оналаримиз учун ҳам жуда зарур. Болалар боғчада соғлом, дунёқараши шаклланиб ўсса, аёлларимиз боласидан кўнгли тўқ бўлиб, ижтимоий меҳнат билан, уй-рўзғор ишлари билан бемалол шуғулланадилар. Қолаверса, уларда дам олиш, ўз соғлиғи ҳақида ўйлаш учун озгина бўлса ҳам шароит пайдо бўлади. Аёлларимизни “ҳурматли аёлларимиз” деб улуғлаган, уларнинг саломатлиги ва ҳордиғи учун қайғурган раҳбаримиздан жуда миннатдормиз.
Давлатимиз раҳбари айтиб ўтган, биз учун энг катта бойлик бўлган аҳоли саломатлигини сақлашга оид конституциявий нормалар ижросини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиши лозимлиги, бу борада малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш биринчи даражали вазифамиз бўлиб қолиши, жамиятда соғлом турмуш тарзини ва тиббий маданиятни оммалаштириш бўйича ҳам жиддий иш олиб боришимиз зарурлиги зиммамизга улкан вазифалар юклайди.
Президентимизнинг таҳлилларга бой, улкан ва эзгу режаларга тўла маърузасини тинглар эканман, Ўзбекистондек буюк мамлакатда яшаётганлигимдан, менга масъулиятли вазифа юклангани ва асосийси, шу улуғ ишларни амалга оширишда ўз ҳиссамни қўшиш имкониятини беришганлигидан жуда қувондим ва ғурур ҳиссини туйдим.
Дилфуза ЎРОЛОВА,
Сирдарё вилояти ҳоким ўринбосари,
хотин-қизлар қўмитаси раиси
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги