Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Айни пайтда мамлакатимизда 148,6 минг гектар токзор мавжуд

2017-12-07 | Иқтисодиёт

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш, соҳада янги, истиқболли навларни яратиш, қайта ишлаш ва унинг экспортини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда. 

Юртимизда боғдорчилик қишлоқ хўжалигининг сердаромад тармоғи бўлиб, серқуёш заминимизда етиштирилган мева ва узумлар мазаси, хуштаъмлиги ва шифобахшлиги билан машҳур. 

– Дунёда узумнинг тўрт мингга яқин нави мавжуд бўлиб, юртимизда унинг 400 га яқини парваришланади, – дейди Тошкент давлат аграр университетининг мева-сабзавотчилик ва узумчилик факультети ўқитувчиси, профессор Наргиза Норқобулова. – Айни пайтда мамлакатимизда 148,6 минг гектар токзор мавжуд. Уларнинг 97,4 минг гектари фермер хўжаликлари ва 51,2 минг гектари аҳоли томорқасида парваришланмоқда. Тошкент вилояти “Нимранг”, “Пушти тоифи”, “Ҳусайни”, “Ризамат ота” ва шу каби кўплаб узум навлари парвариши учун ғоят қулай. Тоғолди ҳудудларда вино маҳсулотларини тайёрлаш учун ишлатиладиган маҳаллий “Оч-қизил Паркент” ва “Сояки” навлари экилади. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, узумни мунтазам истеъмол қилиш артериал қон босими меъёрида бўлиши ва юрак фаолиятининг яхшиланишига ёрдам беради. 

Тошкент вилоятида жорий йилда 416 гектар майдонда янги токзорлар барпо этилди. Зангиота туманида 58, Паркент туманида 122,5 гектар ерда узумнинг серҳосил навлари экилган. Бундан ташқари, Пискент, Янгийўл, Ўрта Чирчиқ, Қибрай ва Оҳангарон туманларида ҳам узум етиштирилади. Вилоят бўйича фермер хўжаликларида ушбу йўналиш бўйича 300 иш ўрни яратилган. 

Паркентлик Бакир ота Эргашевни туманда тажрибали боғбон сифатида кўпчилик яхши билади. У 2006 йилда 24 гектар майдонда кўп тармоқли “Бакир Зуфар” фермер хўжалигини ташкил қилди. 20 киши меҳнат қилаётган хўжалик кам таъминланган оилаларга мунтазам ҳомийлик ёрдами кўрсатади. 2014 йили хўжалик хориждан 200 тонна сиғимга эга совутгич келтириб ўрнатди. Шунингдек, жорий йилда олинган даромаднинг бир қисмини маҳалла гузарида маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуришга йўналтирди. 

– Хўжалигимизнинг 17 гектар ерида 4 хил узум навини парвариш қиламиз, – дейди Б.Эргашев. – Етиштирилаётган ҳосилнинг асосий қисми ички бозорга ва қайта ишлашга йўналтирилади. Жорий йилда "Пушти тоифи"дан 40 тонна, “Қора кишмиш”дан 10 тонна ҳосил олдик. Бу йил яна 10 гектар майдонга янги узум кўчатлари экдик. Нолийдиган жойимиз йўқ, шунинг ортидан тўйлар қилаяпмиз, ўғил уйлаб, қиз чиқараяпмиз. Давлатимиз эзгу ва савоб ишларни кўп қилаётганидан руҳланиб, биз ҳам даромаддан кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатмоқдамиз. 

Жорий йилда Паркент туманида 66 минг 963 тонна узум етиштирилди. Олинган ҳосилнинг 39 минг 971 тоннаси экспортга мўлжалланган. Маълум қисми қайта ишлаш ва захира учун ажратилган. 

 
Абдулазиз Мусаев, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться