Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Конституциянинг янги нашрида сўнгги йилларда Асосий қонунимизга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ўз ифодасини топган
2017-12-01 | Жамият
1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди.
Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Бош қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Ўтган давр мобайнида Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар негизида миллий қонунчилик тизими барпо этилди. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалишига, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган самарали ислоҳотларга асос бўлди.
Фуқароларимиз ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларнинг сиёсий фаоллигини оширишда ҳам Конституциянинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатидир.
Ўтган даврда қабул қилинган 400 дан ортиқ қонун ҳаётимизнинг барча соҳаларини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши Асосий қонунимизга бўлган юксак эътибор намунаси бўлиши билан бирга, уни янада пухта ўрганиш, тарғиб этишга оид ишларни янги босқичга кўтарди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Ўзбекистон” нашриёти томонидан янгидан нашрдан чиқарилгани Бош қомусимизнинг 25 йиллик айёмига муносиб туҳфа бўлди. Конституциянинг янги нашрида сўнгги йилларда Асосий қонунимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ўз ифодасини топган.
Китоб ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида кўп минг нусхада чоп этилди.
Манба: ЎзА