Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Парламентлараро алоқалар мустаҳкамланмоқда
2017-12-01 | Сиёсат
2017 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоиловнинг Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси ўринбосари И.Умаханов бошчилигидаги Федерация Кенгаши делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар тўғрисида сўзлаб берди.
Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизни жадал социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга қаратилган муҳим давлат ва ҳудудий дастурлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Мамлакатимиз қонунчилик тизимидаги янгиликлар тўғрисида ахборот тақдим этилди.
И.Умаханов мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мунтазам сиёсий мулоқот олиб бориш, шу орқали барча йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошевнинг Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.
Томонлар икки томонлама парламентлараро алоқаларни, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
Россия Федерацияси парламенти делегациясининг мамлакатимизга ташрифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтадиган вақтга тўғри келгани таъкидланди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиянинг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси ўринбосари И.Умаханов бошчилигидаги Россия делегацияси аъзолари иштирок этди.
Тадбирда турли даражаларда ўзаро ташриф алмашиш, қўшма тадбирлар ўтказиш, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар тўғрисида ахборот алмашиш орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришга доир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
2018 йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган "Ҳудудлар форуми"ни ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида Комиссиянинг учинчи мажлисини Москва шаҳрида ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.
Манба: ЎзА