Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ёшлар поезди” Қашқадарёда
2017-11-30 | Жамият
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб Қашқадарё вилоятида ташкил этилган “Ёшлар поезди” тарғибот акциясида таниқли олимлар, кино ва театр актёрлари, спортчилар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолларидан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари туманларда, олис ва чекка қишлоқларда ёшлар билан учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, рўй бераётган демократик ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди.
– Мазкур акция Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ўтказилмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Ш.Сатторов. – Акция ёшларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш, тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш, давлатимиз томонидан ёш тадбиркорлар ва ёш оилаларга берилаётган имконият ҳамда имтиёзларни кенг тарғиб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.
Мулоқотларда ёшлар ўзларини қизиқтирган мавзулар ва қийнаётган муаммоларни ўртага ташлади. Қизиқиш ва мақсадларидан келиб чиқиб, таклифлар билдирди. Ғузор туманидаги Ғузор нефть-газ саноати касб-ҳунар коллежида ташкил этилган очиқ мулоқот ҳам шу руҳда ўтди.
– Тумандаги 34-умумтаълим мактабида ўқийман, – дейди Камола Фармонова. – Қайсидир йўналишда ютуққа эришган тенгдошларимни телевизорда кўрсам ёки улар ҳақида газета-журналда ўқисам, ҳавасим келади. Қанийди, мен ҳам уларга ўхшаб, ютуқларга эришсам, деб орзу қиламан. Аммо мактабимизда бунга шароит йўқ. Мактаб фойесидаги рўйхатга ёзиб қўйилган тўгаракларнинг бирортаси деярли фаолият юритмайди. Айниқса, биз, ёшлар жуда қизиқадиган спорт тўгаракларига айтарли эътибор берилмайди. Масалан, мен тикувчилик, тўқувчиликка қизиқаман. Узоқроқ жойга бориб, бу ҳунарни ўрганишга имкониятим йўқ. Шу боис, мактабимизда ҳам шундай тўгараклар очилса, мен каби ёшлар учун айни муддао бўларди.
– Қарши педагогика коллежини 2008 йилда битирганман, – дейди ғузорлик Дилафрўз Болтаева. – Эҳ-ҳе, иш сўраб нечта таълим муассасасининг эшигини тақиллатдим, баридан рад жавоби олдим. Маълумотинг ўрта, деб ишга қабул қилишмаяпти. Бу масала юзасидан мурожаат қилмаган ташкилотим қолмади. Сиртқи бўлимга ўқишга кирай десам, унга ҳам 3-4 йиллик меҳнат стажи керак. Ахир, ишламасам, стажни қаердан оламан? Кундузги бўлимда ўқишни шароитим кўтармайди. Кўпчилик қатори мен ҳам ишлашни, оиламга кўмаклашишни истайман, аммо бунга ечим топа олмаяпман. Бугунги учрашувда тарғибот гуруҳига шу муаммони айтдим. Улар ёзиб олишди ва ҳал қилишга ваъда беришди. Ишондим.
Билдирилган таклиф ва муаммолар мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилди ва аксарияти жойида ҳал этилди, қолганларини ҳам қисқа муддатларда ҳал этишга ваъда берилди.
Тарғибот гуруҳи аъзолари тумандаги “Шўртангазкимё” мажмуасида ёш ишчи-ходимлар билан мулоқот ўтказди, корхонда тузилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти фаолияти билан танишди. Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти ва ҳаётимиздаги аҳамияти ёшларга тушунтирилди. Мулоқот жараёнида “Китоб тарғиботи” акцияси ўтказилиб, мутолаага қизиқувчи ишчиларга китоб совға қилинди.
– Бугунги мулоқот жуда ажойиб бўлди, – дейди ишчи Илҳом Жамолов. – Айниқса, китоб мутолааси борасидаги фикрлар менда катта таассурот қолдирди. Ростдан ҳам, китобхонлик кишининг тафаккурини ўстиради. Доим иш билан бўлиб, китоб ўқишга умуман эътибор қаратмай қўйган эканман. Охирги марта фарзандларимга қандай китоб олиб берганимни эслай олмайман. Ҳозироқ тадбирдан чиқиб, фарзандларимга совға учун китоб оламан.
Икки кун давом этган тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтди. Унда чекка қишлоқлардаги таълим муассасалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ва касалхоналарга китоблар совға қилинди. Имконияти чекланган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига совғалар топширилди. Тажрибали шифокорлар жалб қилинган ҳолда, бепул тиббий кўриклар ташкил этилди. Бундан ташқари, жойларда уюшмаган ёшларнинг фикрлари ўрганилди, уларни фойдали юмушларга жалб этиш чора-тадбирлари кўрилди.
Манба: ЎзА