Фарғона давлат университетида “Марказий Фарғонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқот олиб бораётган олимлар, мутахассислар, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятидан фермер ва тадбиркорлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Ёқубов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати И.Зокиров ва бошқалар мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фермерлик ва агробизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юртимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги изчил ривожланиб, пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик ва бошқа тармоқларда юқори натижаларга эришилмоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли фаровонлигини юксалтириш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Вилоятдаги фермер хўжаликлари тасарруфида 42 минг гектардан зиёд майдонда мевали боғлар мавжуд. Уларнинг 809 гектари интенсив боғлардир.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида Марказий Фарғона ерларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, хусусан, ёнғоқ, писта ва узумчиликни янада ривожлантириш бўйича топшириқлар берган эди. Айниқса, экспорт маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида аҳамият қаратиш, шу орқали одамларнинг даромадини кўпайтириш, келгуси беш йилда Марказий Фарғонани иқтисодий ривожланган ҳудудга айлантириш борасида аниқ кўрсатмалар берилди.
Вилоятда ана шу кўрсатма ва вазифалардан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Мазкур илмий-амалий анжуман ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир.
Анжуманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришда замонавий технологиялардан фойдаланиш, интенсив боғлар ташкил этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада илм-фан ютуқларини кенг татбиқ этиш, олим ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари, тўпланган тажрибалар асосида хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА