Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Томорқадан қандай фойдаланишни мирзаободликлар яхши билишади
2017-11-28 | Иқтисодиёт
Мирзаобод тумани “Мирзачўл” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли бу йил мева-сабзавотдан мўл ҳосил олди. Кейинги йилларда Янгиовул, Дўнгариқ ва Ҳақиқат маҳаллаларида янги боғ-роғлар, анорзор, умзорлар барпо этиш, томорқа хўжаликларида полиз, сабзавот, кўкат етиштириш борасида катта тажриба тўпланди.
Хусусан, Дўнгариқ маҳалласида яшовчи миришкор Зокир Маматқулов 20 сотих майдонда иссиқхона ташкил этди. Иссиқхона усти ва чор атрофи икки қават плёнка билан ёпилган. Қиш ойларида у ўтин билан иситилади. Тажрибали деҳқон август ойи охирида саримсоқ пиёз экиб, биринчи ҳосилни декабр ва январь ойларида йиғиштириб олади. Кейин бўшаган майдоннинг ярмига бодринг кўчати, ярмига помидор, булғор қалампири уруғларини экади. Шу тариқа иссиқхонада бодринг аҳолига сотиш учун кўчат етиштирилади. Иккинчи ҳосил йиғиштириб олингач эса ялпи майдонга кечки помидор кўчати ва картошка уруғини экиб, улардан ҳам миллион-мильлион сўм даромад олади. Биринчи ҳосил – саримсоқ пиёздан тадбиркор 8 10 миллион сўм даромад олишни чўтлаб турибди. Ҳозир саримсоқ пиёзни суғориб, ўғитлаб, бор эътиборни унинг ривожини тезлаштиришга қаратмоқда. Бир ердан бир йилда уч марта ҳосил олаётган миришкорлар оиласи мўъжазгина иссиқхонанинг ўзидан йилига 30 40 миллион сўм даромад қиляпти.
Дўнгариқ маҳалласида яшовчи Норжигит Туротов қишда тонналаб гўнгни анор жўякларига «шарбат» қилиб оқизади. Кўчатларни кузда кўмиш, баҳорда очиш ишларини ҳам оби-тобида амалга оширади ва мўл ҳосил етиштириши эвазига оила даромадини янада мустаҳкамлаб бораётир.
Дўнгарикликлар етиштирган анорнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинди. Шу маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси Аҳмад Эшонқулов фарзандлари билан анорзорлар майдонини 1,5 гектарга етказди. Анорчиликдан олинаётган фойда ана шу ҳаракатларга яраша бўляпти. Агротехник тадбирларни кўчатларнинг ҳолатига қараб олиб бораётган миришкорлар анорнинг янги навларини экиб, тажрибада синовдан ўтказади. Оиладаги тўртта томорқа хўжалигида бир қарич ер ҳам бўш қолмайди. Анор орасига кўкат, помидор, булгор қалампири ва бодринг экиб, шунинг ўзидан 4 5 миллион сўм қўшимча фойда олишмоқда.
Янгиовул маҳалласида истиқомат қилаётган Раҳматулла Холмуродовни кўпчилик узумчи деҳқон сифатида яхши танийди. У томорқасида ҳар йили мўл узум етиштириш билан бирга, янги боғ яратувчиларни турли навдаги ток кўчатлари билан таъминлайди. Ўзи барпо этган боғда узумнинг ўнлаб нави бор. У томорқасида захкаш тупроқ шароитига мослашган ток кўчатларини ҳам парвариш қилаётир.
Қишлоқ аҳолиси ер умрини бекор ўтказмай томорқа хўжалиги имкониятларидан самарали фойдаланса, рўзғорига барака кириб, оиласи фаровонлиги ошишини билади ва барча ҳаракатини шунга қаратади.
Бозорбой БЕКМУРОДОВ
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги