Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Асалари наслчилигини кенг йўлга қўйиш, асални қайта ишлайдиган корхоналар ташкил этиш лозим
2017-11-28 | Иқтисодиёт
Мутахассисларнинг маълум қилишича, мавсум давомида битта асалари оиласи 25-30 килограмм гул чанги йиғади ва 100-120 килограмм асал етиштиради.
Асаларининг асали, прополиси, заҳри, гулчанги, муми, сути табиатнинг инсонга кўрсатган саховатидир. Тиббиётда организмга қувват берувчи табиий восита сифатида ишлатилади. Асал шамоллашда, жигар касалликларини даволашда кенг қўлланилади.
Таҳлиллардан маълум бўлишича, мамлакатимизда асал ишлаб чиқариш бўйича мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани боис асалари оилаларининг маҳсулдорлиги 20 килограммдан ошмаяпти. Бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан анча паст. Демак, асаларичилик соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, асал етиштиришнинг замонавий технологияларини кенг жорий этиш ва юқори технологик усуллардан фойдаланиш масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмаяпти.
Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги бу ва бошқа муаммоларни ҳал этиш ҳамда ривожланишнинг устувор вазифаларини белгилаб олишда дастуриламал бўлаётир.
Юртимизда фаолият юритаётган асаларичиларни бирлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси ташкил этилмоқда. Уюшмага аъзо хўжаликлар четдан олиб келадиган асаларичилик соҳасида қўлланиладиган ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари, препаратлар, мумпарда ва мум маҳсулотлари 2023 йилгача божхона тўловларидан озод этилди.
– Қарорга кўра, асаларичилар учун етарли шароитлар яратиладиган бўлди, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш бош бошқармаси бош мутахассиси Ёзил Шукуров. – Энди бу йўналишда фаолият юритадиганлар янада самарали меҳнат қилиши, изланиши учун барча имкониятлар эшиги очиқ. Шунингдек, асалари наслчилигини кенг йўлга қўйиш, асални қайта ишлайдиган ҳамда қадоқлайдиган кичик корхоналар ташкил этиш керак. Шунда асал янада кўпаяди, бозорларимиз сифатли, тоза, арзон бол билан тўлади.
Қарорда Ўзбекистон асаларичилари уюшмасининг “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиши назарда тутилган. Уюшмани ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ барча харажатлар ҳамда “Апимондия” федерациясига аъзо бўлиб кириш, аъзолик бадали тўлови дастлабки уч йил давомида “Алоқабанк” маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
– Руминияда жойлашган мазкур уюшма ҳар икки йилда кенгайтирилган сессиясини ўтказади, – дейди Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг асаларичилик лабораторияси мудири Тўра Омонов. – Унда асаларичилик бўйича янги технологиялар, ари касалликларини аниқлаш ва даволаш борасидаги янгиликлар маълум қилинади. Соҳани ривожлантиришга тегишли илмий асосланган усуллар ва янги ишланмалар кенг муҳокама қилинади.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда кенг тарқалган асалари зотлари касалликка чидамлилиги, иқлим-шароитга мослашувчанлиги, яхши асал бериши каби жиҳатлари ҳисобга олиниб танланган. Булар сирасига «Карпат», «Кавказ», «Украина», «Кавказ тоғ» кулранг зотлари ва маҳаллий асаларилар киритилган бўлиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида парвариш қилинмоқда. Келгусида уларнинг наслини янада яхшилаш ва маҳсулдорлигини ошириш чоралари кўрилади. Шунингдек, асаларичилик соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш мақсадида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Фарғона давлат университетида зоотехника факультети ташкил этилади.
Сайёра Шоева, ЎзА
Манба: ЎзА