Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ипакчилик: шифон, крепжоржет, крепдешин

2017-11-27 | Иқтисодиёт

Пойтахтимизда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси тизимдаги корхоналарнинг инновацион ишланмаларга бўлган эҳтиёжи билан олимларни яқиндан таништириш ва ҳамкорликни кенгайтириш мавзуида амалий семинар ўтказди.

Унда ипакчилик соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида илғор илм-фан ютуқлари ва инновацияларни амалиётга жорий этиш, тармоқнинг рақобатбардошлигини ошириш корхоналарнинг иқтисодий мустақиллиги, жаҳон бозоридаги ва ички бозордаги мавқеини мустаҳкамлашнинг асосий омили эканлиги таъкидланди. Зеро, АҚШ, Германия, Япония, Хитой каби ривожланган давлатларнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти, айниқса, ипакчилик соҳасидаги ютуқлари айнан илмий изланишлар асосида яратилаётган замонавий технологияларга асосланган. 

– Тизимдаги йирик муаммолардан бири – ишлаб чиқарувчи ва олимлар ўртасида ҳамкорликнинг узилиб қолгани эди, – дейди уюшма раиси ўринбосари Олим Жумаев. – Мисол учун, заводларимиз баъзи технологияларни хориждан олиб келади, олимларимизда эса ундан самаралироқ ишланма бўлиши мумкин. Ишлаб чиқарувчи буни билмайди. Шунинг учун эндиликда таълим даргоҳлари билан ҳамкорликни фаоллаштириб, патентланган илмий янгиликларни корхоналарга жорий этиш чоралари кўрилмоқда. 

Семинарда олимлар ўзлари яратаётган янгилик ва янги ишланмаларнинг афзалликлари ҳақида маълумот берди. Мисол учун, Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институтида кейинги йилларда кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, пиллани буғлашни чуқур тадқиқ этиш чоралари кўрилмоқда. Бу ипакчилик корхоналарини янги, юқори унумдор автоматлар билан таъминлашда қўл келади. Шунингдек, креп газламаларнинг янги турлари яратилмоқда. 

Ипакчилик йўналишидаги корхоналарга янги техника ва технологиялар таклиф қилиш борасида Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳам пешқадамлардан. Илмий жамоада 20 дан ортиқ истиқболли тут навлари, яна шунча ипак қурти зот ва дурагайлари яратилган. Шунингдек, ипак қурти уруғи тайёрлаш, боқиш, пиллага дастлабки ишлов бериш, тут ниҳолларини етиштириш бўйича технологик карталар ишлаб чиқилди. Ипак қурти боқишнинг марказлаштирилган интенсив технологияси яратилди. 

Семинарда маҳсулотларимиз рақобатбардош ва жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиши учун ишлаб чиқариш ва илм-фан ўртасида инновацион кластерни шакллантириш зарурлиги, “фан – таълим – ишлаб чиқариш” шаклида олимларнинг инновацион салоҳиятини кўтариш ва ундан оқилона фойдаланиш учун керакли шарт-шароитларни яратиш зарурлиги қайд этилди. 

Амалий учрашувда ипакчилик саноатининг долзарб илмий йўналишлари, табиий ипакдан тиббиётда, косметологияда, маиший эҳтиёжларда фойдаланиладиган маҳсулотларнинг янги турларини олиш усулларини ҳамда технологияларини яратиш, фаол моддалар ёрдамида пиллани чувишга тайёрлаш, шифон, крепжоржет, крепдешиннинг янги турларини олишда ипакдан хомашё тайёрлаш технологияларини такомиллаштириш каби масалаларда фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться