Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳунармандлар қатъий белгиланган солиқдан озод этилади

2017-11-26 | Иқтисодиёт

2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандлар ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этиладилар.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб қўйилди.

Ҳужжатга мувофиқ, «Ҳунарманд» уюшмаси Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига уюшган аъзо сифатида аъзолик бадали тўловисиз киритилади.

2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандчилик субектлари – «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилиши белгилаб қўйилди.

Ёшга доир пенсия ва нафақа олувчи ҳунармандлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилади.

Қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлайди. Бундан ташқари, «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо ҳунармандларга касб-ҳунар коллежларининг махсус устахоналарида ҳунармандчилик бўйича таълим беришда якка тартибдаги тадбиркорлар каби шартнома тузиш ва кўрсатилган хизмат учун солиқ тўламаслик ҳуқуқи берилади.

Ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисобрақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда олиш ҳуқуқи берилади.

Хорижий мамлакатларда ўтказилган кўргазма, танлов, ярмарка давомида сотилган ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорт шартномалари тузилмасдан амалга оширилиши мумкин, бунинг натижасида олинган даромад эса экспорт тушуми ҳисобланмайди.

Тижорат банклари томонидан ҳунармандларга миллий валютада имтиёзли микрокредитлар ажратилади.

Бунда имтиёзли микрокредитлар олти ой имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, икки йил муддатга, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баробаридан ошмаган ҳолда берилади.

Имтиёзли микрокредитлар «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлган ва фармоннинг 1-иловасига мувофиқ ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширувчиларга берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ташаббускорлар ва тижорат банкларининг кредит маблағларини жалб этган ҳолда 2018-2019 йилларда ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ўз вақтида қуриш ва фойдаланишга топширишни таъминлайди.

Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари тарихий-анъанавий архитектура услубида қурилиб, уларга зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини тортиб борилади ва ҳудудларида карвонсарой (меҳмонхоналар), кафе, ресторан ва туристларни жалб этиш учун бошқа обектлар жойлаштирилади.

Ушбу марказлар ҳудудида «тарихий шарқ бозори» услубида савдо расталари ва халқ ижоди (дорбоз, полвон, масхарабозлар ва бошқалар) кўргазмалари учун махсус жойлар ажратилади.

Мазкур марказларда қурилаётган турар жой биноларининг биринчи қаватида устахона ва савдо иншоотлари, юқори қаватларида ҳунармандлар учун турар жойлар ташкил этилади.

Ҳар йили сентябрь ойида халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатини намойиш этишга йўналтирилган «Шарқ марвариди» Ўзбекистон анъанавий санъат халқаро фестивали ташкил этилади ҳамда ҳар йили ҳунармандчилик маҳсулотларининг «Олтинқўл ҳунарманд» халқаро кўргазмаси ташкил этилади.

Фармонда белгиланганидек, доимий савдо жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар томонидан касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади.

Ҳунармандлар учун давлат мулки обектлари учун ижара тўлови белгиланган энг кам тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

Поделиться