Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Экология муҳофазаси: янги ислоҳотлар, самарали лойиҳалар амалда

2017-11-25 | Экология

Халқаро пресс-клуб сессиясида мамлакатимизда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.Аҳмаджонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ф.Қувватов ва бошқалар мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Бу борадаги ишлар самарадорлигида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармони ва "2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори муҳим омил бўлаётир. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ташкилий, ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. 

Юртимизда экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод бўлиши, кўркам қиёфа касб этишига хизмат қилувчи комплекс тадбирлар белгиланган. Улар тизимли татбиқ этилмоқда. Жумладан, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари ташкил этилди. Бугун 1 минг 400 дан зиёд махсус техника, 4 минг 350 га яқин чиқинди тўплаш шохобчаси, 5 минг 660 контейнер, 120 чиқинди полигони мазкур корхоналар балансига ўтказилган. Тизимда 10 мингдан ортиқ мутахассис ва ишчи атроф-муҳит муҳофазаси, ҳудудларимизни ободонлаштиришга хизмат қилмоқда. 

Чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар учун абонентлар билан шартномалар тузиш ишлари олис туманлар ва қишлоқларда изчил давом эттирилмоқда. Тўловларни қабул қилишнинг электрон ҳамда чиқинди ташиш махсус техникалари ҳаракатини масофадан кузатиш тизимларини жорий этиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Келгусида жараёнга янги техникалар жалб қилинади. 

Мамлакатимизда замонавий технологиялар ёрдамида қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, уларни қайта ишлаш борасида илғор тажриба оммалашмоқда. Бугун бу йўналишда фаолиятини бошлаган тадбиркорлик субъектлари сони ортмоқда. Улар учун барча шароитлар, ҳуқуқий асослар мавжуд. 

Афсуски, чиқиндиларни қайта ишлашга тааллуқли муаммолар ҳам йўқ эмас. Қаттиқ маиший чиқиндиларни бирламчи саралашнинг аниқ механизми яратилмаган. Уларни полигонларда сақлаш усули сақланиб қолмоқда. Бу қаттиқ маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хомашёнинг фойдали компонентлари йўқолишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, аксарият чиқиндилар полигони экологик ва санитар талабларга жавоб бермайди. Улар атмосфера, тупроқ, ер ости ва ер усти сувларини ифлослантирувчи, турли юқумли касалликлар манбаига айланган. 

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 140 чиқинди полигони мавжуд. Жорий йилда уларнинг санитария ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, полигонлар атрофини девор билан ўраш, махсус техника воситалари йўлини асфальтлаш, коммунал хизматларни йўлга қўйиш каби ишлар амалга оширилмоқда. Мутахассислар фикрича, айрим полигонлар нафақат санитария талабларига жавоб бермайди, балки, улар жойлашган ҳудуд нотўғри танланган. Аслида, чиқинди полигонлари учун жой танлашда аҳоли пунктлари масофаси, шамолнинг доимий эсиш тақвими, ер ости ва ер усти сувларининг харитаси ҳисобга олиниши лозим. 

Тадбирда пухта ўйланмай ташкил қилинган 3 полигон фаолияти тўхтатилгани, яна 10 полигонни ёпиш борасида ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди. Ўз навбатида, чиқинди полигонларини тартибга келтириш учун лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ҳозирда улар асосида қурилиш ишлари бошланган. 

Халқаро пресс-клуб сессиясида соҳага доир қатор масалалар юзасидан маълумот берилди, истиқболли режалар ҳақида айтилди. Журналистлар саволларига жавоб қайтарилди. 

 

 

Улуғбек Асроров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться