Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб берган тарихий ташриф

2017-11-25 | Сиёсат

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 22-24 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. 
 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи ҳар томонлама самарали бўлди. Учрашувларда йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, гуманитар алоқаларни кенгайтириш, вазирликлар ва идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир масалалар муҳокама қилинди. 

Ташриф доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 60 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Шундан 4,5 миллиард доллари тўғридан-тўғри инвестициялардир. 

Эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. 

Давлатимиз раҳбари 24 ноябрь куни БМТ собиқ Бош котиби, Халқаро Олимпия қўмитасининг этика комиссияси раиси Пан Ги Мунни қабул қилди. 

Самимий ва очиқ руҳда ўтган мулоқотда давлатимиз раҳбари Пан Ги Мун БМТ Бош котиби лавозимида фаолият юритган даврда Ўзбекистон билан БМТ ҳамкорлигида самарали лойиҳалар амалга оширилганини ёдга олди. 

Пан Ги Мун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифини юқори баҳолаб, икки мамлакат ўртасидаги азалий дўстлик ва ўзаро ишонч руҳидаги ҳамкорлик алоқалари ривожида янги босқични бошлаб берганини қайд этди. 

Ўзбекистоннинг ташаббуслари Марказий Осиёни барқарор ва юксак иқтисодий ривожланган минтақага айлантиришда муҳим қадам бўлиши таъкидланди. 

Пан Ги Мун Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик изҳор қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн билан учрашди. 

Спикер давлатимиз раҳбарини самимий қутлар экан, Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва стратегик муносабатларни янада мустаҳкамлаш кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. 

Жорий йил 26 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган музокараларда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, мазкур йўналишдаги алоқаларни янада кенгайтириш борасида муҳим келишувларга эришилган эди. Ўша учрашувнинг мантиқий давоми бўлган бугунги музокаралар ўзаро ишонч ва самимий руҳда ўтди. 

Президентимиз Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси фаолияти билан танишди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси пойтахти мэриясига ташриф буюрди. Президентимизни Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун кутиб олди. 

Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмонлар китобига ўзининг тилакларини ёзиб қолдирди. 

Учрашувда Ўзбекистон билан Жанубий Кореяни дўстлик ришталари, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкам боғлаб туриши алоҳида таъкидланди. 

Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари ва банклари иштирокида иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўнлаб йирик лойиҳалар амалга оширилган ва оширилмоқда. Расмий Сеул мамлакатимизда саноат ва инфратузилмани диверсификация ва модернизация қилишга доир устувор дастурларни амалга оширишда анъанавий етакчи инвестицион ва технологик шерик ҳисобланади. 

Давлатимиз раҳбари жорий йил 3 июль куни Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сунни Тошкентда қабул қилиб, биродарлашган шаҳарлар – Тошкент ва Сеул ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган эди. 

Бугунги учрашувда замонавий технологиялар асосида шаҳарни бошқариш, транспорт тизими ва уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш бўйича самарали тизимни ташкил этиш соҳасида Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳарсозлик, меъморчилик ва ландшафт дизайни соҳаларида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Сеул шаҳрининг фахрий фуқароси унвонини беришга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Маросимда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик муносабатлари янада мустаҳкамланишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди. 

Давлатимиз раҳбари халқларимиз ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Сеул номи бериш таклифини билдирди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Сеул шаҳри фахрий фуқароси унвони тантанали топширилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Бош вазири Ли Нак Ён билан учрашди. 

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ҳамкорлиги сўнгги йилларда кенг кўлам касб этди. Давлатимиз раҳбарининг Жанубий Кореяга давлат ташрифи давомида савдо, ёқилғи-энергетика, кимё, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тиббиёт, туризм, фан-таълим ва маданият каби кўплаб соҳаларда келишувларга эришилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Бош вазири Ли Нак Ён билан учрашувда эришилган мазкур келишувларни амалиётга изчил татбиқ этиш, янги истиқболли лойиҳалар бўйича ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди. 

Суҳбат чоғида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ҳамроҳлигида Сеул шаҳридаги Жанубий Корея Миллий музейига ташриф буюрди. 

Мазкур музей Корея Республикасининг энг йирик тарихий ва маданий марказларидан бири ҳисобланади. 1945 йил асос солинган музей учун 2005 йил ўзига хос меъморий ечимга эга замонавий бино барпо этилган. Осиёда энг йирик, дея эътироф этиладиган ушбу музей кўлами жиҳатидан дунёда олтинчи ўринда туради. Музейда 220 мингдан ортиқ тарихий, бадиий, археологик ва бошқа экспонатлар тўпланган. 

Президентимиз музей экспонатлари билан танишди. Маданий-гуманитар соҳаларда давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш юзасидан келишиб олинди. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди. Ушбу ташриф сиёсий, иқтисодий натижалари билан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихидан муҳим ўрин эгаллаши ва ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариши муқаррар. 

 

Абу Бакир Ўрозов, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться