Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Дунё ишбилармонлари Ўзбекистонда жам бўлди

2017-11-24 | Иқтисодиёт

“Ўзэкспомарказ”да қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатига ихтисослаштирилган “UzAgroExpo – 2017” ҳамда “UzProdExpo – 2017” XIII халқаро кўргазмалари бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “IEG Uzbekistan” халқаро компанияcи билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон, Хитой, Корея Республикаси, Германия, Россия, Исроил, Испания, Италия, Туркия, Финляндия, Голландия, Ҳиндистон, Беларусь, Латвия, Украина ва Қозоғистон каби давлатлардан 120 компания вакиллари иштирок этди. 

“UzAgroExpo – 2017” кўргазмасида замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ва эҳтиёт қисмлари, деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, ветеринария йўналишидаги технологиялар, интенсив боғлар учун мевали дарахт ва декоратив ўсимликлар кўчатлари намуналари, маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва ташишга ихтисослашган ускуналарнинг кенг экспозицияси кўпчиликда қизиқиш уйғотди. 

– Компаниямиз ўсимликшунослик соҳасида етакчи бўлиб, бу йўналишдаги турли хизматлар ва маҳсулотлар тўпламини таклиф қилади, – дейди Голландиянинг «Royal Brinkman» компанияси вакили Екатерина Волянская. – Бизда тувакларда ўстириш учун 36 мингдан ортиқ сабзавот, гуллар, ўсимликлар тури мавжуд. Шунингдек, сув ва электротехника жиҳозлари, иссиқхоналарда микроиқлимни бошқариш, алмашлаб экиш учун машиналар, дезинфекцияловчи қурилмалар, плёнка ва сеткалар ҳам етказиб берамиз. Ўзбекистон тадбиркорлари билан ўнга яқин ўзаро манфаатли шартнома туздик. 

– Мазкур кўргазмаларда илк маротаба иштирок этиб, ўз маҳсулотларимизни намойиш қилдик, – дейди Испаниянинг иссиқхона учун ускуналар ишлаб чиқарувчи «Хота Уэте» компанияси таъсисчиси Хавер Лазаро. – Технологияларимиз Европа, Осиё, Американинг ўттизга яқин мамлакатида фойдаланилади. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда ана шундай маҳсулотларга талаб юқори бўлмоқда. Иссиқхоналаримизнинг афзаллиги шундан иборатки, уларда ишлатиладиган технологиялар электр тежамкорлиги билан ажралиб туради, плёнкалар эса ёруғликни яхши ўтказишга мослаштирилган. Ўзбекистонда турли соҳалар қатори аграр саноатда фаолият кўрсатаётган чет эллик инвестор ва шериклар учун қатор солиқ ва божхона имтиёзлари, бошқа преференциялар жорий этилгани эътиборимизни тортди. 

“UzProdExpo – 2017” кўргазмасида озиқ-овқат саноати ва қайта ишлаш саноатининг барча тармоқлари учун асбоб-ускуналар намойиш этилди. Турли сиғимдаги идишлар ва ўрама материаллар, дўкон ва супермаркетларни тайёр ҳолда топшириш бўйича автоматлаштирилган тизимлар, музлатиш камералари, совутиш қурилмалари шулар сирасидандир. 

– Ўзбекистонда мева-сабзавотлар ва полиз маҳсулотлари етиштиришда уруғ танлашдан тортиб турли зараркунандаларга қарши биологик курашиш ва тадбиркорларга лизингга техника воситаларини беришгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган мукаммал тизим яратилган, – дейди Россиянинг «АгроПлюс» компанияси директор ўринбосари Юлия Ткаченко. – Тўрт йилдан буён Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Ҳар бир қишлоқ хўжалиги экини учун турли меъёрларда фосфор ва калий билан бойитилган, меванинг экспортбоплигини ошириб, таъм ва кўринишини яхшиловчи ўғитларимиз кўпчиликка манзур бўлаётир. Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманидаги қатор ер эгалари билан шоли, буғдой ва полиз экинлари ҳосилдорлигини ошириш, экологик тоза, сифатли маҳсулот етиштириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. 

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида улкан салоҳиятга эга. Буни кўргазмаларда намойиш этилаётган маҳсулотлар яққол тасдиқлаб турибди. Мамлакатимизда замонавий технологияларни кенг жорий этишга қаратилаётган эътибордан руҳланган ишбилармонлар тадбир давомида ўзлари учун манфаатли бўлган кўплаб келишувларга эришди. Бу эса келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ва маҳсулот турини кўпайтиришга хизмат қилади. 

 
Сайёра Шоева, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться