Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Шайхонтоҳурда экстремист аёл қўлга олинди

2017-11-24 | Жамият

Аёлни она, миллат тарбиячиси, дея эъзозлаймиз. Ҳақиқатан шундай. Оналар бор экан, хонадонлар обод, фарзандлар хушнуд. Лекин аёл зиммасидаги масъулиятни унутса, дуч келган оқимда сузса, адашса, бунинг оқибати нима бўлади? 

Ўттиз ёшни қаршилаётган аёл бахтли ҳаёт кечирса, фарзандларининг келажаги ҳақида қайғурса бўларди. Лекин у кўп вақтини "виртуал олам"да ўтказарди. Шундай кунларнинг бирида интернет орқали бир одам билан танишиб қолади. Унинг дин ҳақидаги чиройли гапларига маҳлиё бўлиб аста-секин унинг оламига чуқур кириб бораётганини ўзи сезмай ҳам қолади. 

У зимдан олаётган таълим "Ҳизбут-таҳрир" диний экстремистик оқими ғояларини тарғиб қилувчи "Ислом низоми" эди. Орадан анча вақт ўтиб аёлга "энди оқимимизга аъзолик ҳақида қасам ичишинг ва маслакдошларимизни кўпайтириш учун ҳаракат қилишинг керак" мазмунида буйруқ келади. Онги заҳарланган, оқимнинг таъсирига буткул тушган аёл буни сўзсиз бажаради. 

Ўйланиб қоласан, ислом дини ривожланган, эътиқод эркинлиги таъминланган, диний таълимот олиш учун қонуний манбалар бисёр юртимизда нега айрим одамлар шундай йўл тутмоқда? 

Аёл ичган қасамини бажариш учун диний ақидапарастлик ғоялар билан йўғрилган «Мусулмонларнинг ислом тузумини татбиқ қилиш олдидаги масъулиятлари» деб бошланувчи 14 дона варақа солинган конвертни олиб йўлга тушди. Яхшиямки у мақсадини асл дин қарор топган масжидда амалга оширмоқчи бўлди. Гулбозор маҳалласида жойлашган жомеъ масжидга намозга йиғилганлар аёл кўтариб келган конвертни дарров имомга етказишди. 

Конвертни очган имом ҳаммасини тушунди. Бу ҳақда тегишли органларга хабар берди. Ички ишлар органлари ва миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида ушбу қилмишни содир этган шахс "Марказ-26" даҳасидаги кўп қаватли уйлардан бирида доимий рўйхатда турган У.Узоқова бўлиб чиқди. 2017 йил 22 ноябрь куни у қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Аёл яшаган Шайхонтоҳур туманидаги Гулобод маҳалласи фаоллари билан унинг нима учун тўғри йўлдан адашгани, нега бу жиноят содир бўлишига йўл қўйилгани ҳақида суҳбатлашдик. 

– Умида маҳалламизга келин бўлиб тушган, – дейди маҳалла раиси Дилфуза Амирбекова. – Лекин ҳозир турмуш ўртоғи ва уч фарзанди билан бошқа жойга кўчиб кетган. Маҳалламизда доимий рўйхатда тургани учун қаерда, қандай яшаётганини суриштириб турардим. Бироқ, бу оила турли жойларда ижарага яшаб, манзилини тез-тез ўзгартирган. Бу ерда яшаганида у бирорта ножўя иш қилмаганди. Қонуний рўйхатда турган жойида яшамай, турли муҳитларга тушгани ҳам унинг адашишига сабаб бўлган. 

Кўриниб турибдики, аёл рўйхатдан ўтмай, вақтинча яшаган жойларида унинг ҳаёт тарзи билан ҳеч ким қизиқмаган. Акс ҳолда у ишсиз бўлмасди, унинг қизиқишларидан кимдир, айниқса, маҳалла хабар топган ва уни тўғри йўлга солган бўларди. 

Мана шундай ҳолатларга барҳам бериш учун ҳам Президентимиз ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг асосий шартларидан бири эканига эътибор қаратмоқда. 

Айниқса, аёллар томонидан жиноят содир этиш ҳолатларига барҳам берилмаётгани танқид қилинди. Чунки жорий йилнинг ўтган 10 ойида мамлакатимиз бўйича 9,1 минг хотин-қиз жиноятга қўл урган. 

Аслида аёл оиладаги муҳит барқарорлигида, фарзандлар тарбиясида муҳим ўрин тутади. Улар томонидан жиноят содир этилиши эса нафақат оилалар парокандалигига, балки болаларнинг қаровсиз қолиши, хулқи бузилиши, турли ножоиз кўчаларига кириб кетишига сабаб бўлиши сир эмас. 

Шу сабабли, давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганидек, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни атрофлича ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида ҳал этиш, бу жараёнда, айниқса, сектор раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари ҳамда жамоатчиликнинг масъулиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга. 

 
Норгул Абдураимова, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться