Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мустақиллигимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

2017-11-24 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасида «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан фуқароларнинг давлатимиз Бош қомусига, ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онг тушунчаларига, Конституцияда белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши ҳамда ҳимоя қилиниши даражасига муносабатини аниқлаш мақсадида ижтимоий сўров ўтказилди. Сўров натижалари иштирокчиларнинг аксарият қисми Конституциямизга Ўзбекистон мустақиллигининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори, ҳуқуқ ва эркинликларнинг ишончли кафолати сифатида қарашини кўрсатди. 

Иштирокчилар якдиллик билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни мамлакатимиз аҳолиси учун тарихий, сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга эга умуммиллий байрам эканини билдирди. 

Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, фуқароларнинг аксарияти (90,5 фоиз) суверен давлат ва адолатли жамият барпо этиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда демократиянинг олий мақсадларига ва ижтимоий адолатга содиқ қолиш, фуқаролар тинчлиги ва миллатлараро тотувликни таъминлашнинг фундаментал асослари мустаҳкамлаб қўйилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясини "давлатимиздаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи бош ҳужжат", деб ҳисоблаши аниқланди. 

Сўров иштирокчиларининг фикрига кўра, Конституция халқ иродаси ва миллат ҳамжиҳатлигини ифодаловчи қонун ҳужжати, мустақил ҳуқуқий демократик давлатимизнинг бош рамзидир. 

Сўров натижалари фуқароларнинг кўпчилиги (86,3 фоиз) Бош қомусимиз замон талабларига жавоб беради ва узоқ истиқболга мўлжалланган, деб ҳисоблашини кўрсатди. Ўзбекистонликлар конституциявий қоидалар мамлакатда босқичма-босқич, изчил амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг давомийлиги, давлатимизни ривожлантириш ва модернизация қилиш жараёнида жадаллик ва барқарорлик уйғунлигини кафолатлаётганига ишонади. Фуқароларнинг Конституция ўзида вақт синовидан ўтган умуминсоний ҳуқуқий қадриятлар билан бирга, ривожланган давлатларнинг конституциявий тажрибаси, Ўзбекистон халқининг миллий ўзига хослиги, маънавий-ахлоқий қадриятларини ҳам мужассам этганига ишончи комил. Бу давлат ва жамиятнинг тадрижий-ҳуқуқий ривожланиши, уларнинг демократик ислоҳотлар суръати ва самарадорлигини ошириш йўлида самарали ҳамкорлик қилиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратади. 

Сўров иштирокчилари юқори ҳуқуқий маданият – давр талаби эканлигини, ҳозирги даврда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий саводхонлиги юқори бўлиши ва эгаллаган ҳуқуқий билимларини амалда қўллай олиши кераклигини қатъий таъкидлади. Сўров жараёнида фуқароларнинг аксарияти (92,6 фоиз) ўз фуқаролик ҳуқуқларини пухта билишини билдирган. 

Натижалар давлатимиз фуқароларининг Бош қомусимиз мазмунидан хабардорлик даражаси юқори эканини кўрсатди. Конституциянинг асосий қоидаларини билишини айтган респондентлар орасида олий маълумотли фуқаролар, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва талабалар кўпчиликни ташкил этган. 

Сўров фуқароларимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мундарижаси, йўналишлари бўйича олдинги даврлардаги бундай ҳужжатлардан кескин фарқ қилади, деб ҳисоблашини кўрсатди. Бош қомусимиз мустақил демократик давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлган даврга бориб тақалади, унда жинси, миллати, ирқи, ёши, моддий аҳволи, диний эътиқодидан қатъи назар, инсон ҳуқуқларини камситувчи моддалар мавжуд эмас. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида демократиянинг асосий моҳияти мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Иштирокчилар Конституциямизнинг инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, номуси, ғурури ҳамда мулкчиликка, меҳнат қилиш ва дам олишга, кексаликка доир ижтимоий таъминотга, малакали тиббий хизматга, таълимга бўлган ажралмас ҳуқуқларини олий қадрият ҳисобловчи умуминсоний тамойилларга таянгани – унинг яна бир кучли жиҳати эканини билдирган. 

Сўров давомида иштирокчиларнинг конституциявий ҳуқуқлар таъминланганлиги ва ҳимояланганлигига оид фикрлари бўйича юқори кўрсаткичлар қайд этилди. Респондентларнинг аксарияти (94,8 фоиз) Ўзбекистонда фуқароларнинг асосий конституциявий ҳуқуқлари, қонун устуворлиги тўлақонли таъминланганлигини таъкидлади. 

Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларига кўра, халқимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, аҳолининг барча қатламлари конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватламоқда ва уларга хайрихоҳлик билдирмоқда. 

 
«Ижтимоий фикр» маркази 
материаллари асосида тайёрланди
 

Аблай Камолов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться