Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Товар белгиси–тадбиркорнинг юзи
2017-11-22 | Иқтисодиёт
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан тадбиркорликни ривожлантиришда товар ва хизмат кўрсатиш белгиларини ҳуқуқий муҳофаза қилишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда ҳар бир кичик ва ўрта корхона ўзининг савдо номига ёки бир неча товар белгисига эга экани, лекин тадбиркорлик субъектларининг ҳаммаси ҳам интеллектуал мулк келажакда даромад олиш учун керакли имкониятларни тақдим этиши мумкинлигига етарлича эътибор қаратмаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони хусусий мулк муҳофазаси ва кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Кичик ва ўрта корхоналар қандай маҳсулот ишлаб чиқариши ёки қандай хизмат кўрсатишидан қатъи назар, улар интеллектуал мулк яратади ёки ундан фойдаланади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори Алишер Файзуллаев. – Шундай экан, улар интеллектуал мулкка эгалик қилиб, юқори натижаларга эришишни кўзласа, бу мулкни муҳофаза қилиш, бошқариш ва ҳимоя қилишни билиши керак. Агар улар бошқа шахсларга тегишли бўлган интеллектуал мулкдан фойдаланса, турли баҳс ва тортишувлардан халос бўлиш учун лицензия олиш йўли билан бу мулкни сотиб олиш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритиши керак. Жорий йилнинг ўтган даврида ана шу қоидага амал қилмасдан, бошқалар брендидан фойдаланилган ҳолатлар бўйича 70 ортиқ иш судда кўрилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунига кўра, товар ва хизмат кўрсатиш белгиси бир ишлаб чиқарувчининг товар ва хизматларини бошқа ишлаб чиқарувчининг худди шундай товар ва хизматларидан фарқлаш учун мўлжалланган бўлиб, у интеллектуал мулк объекти ҳисобланади. Товар белгиси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ муҳофаза қилинади. Айни пайтда юртимизда 40 мингдан ортиқ товар белгилари мавжуд.
– Жорий йилда экспортга чиқараётган брендини хорижда ҳимоя қилиш бўйича 20 га яқин тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди, – дейди Агентлик бош эксперти Дилором Зуфарова. – Умуман, товар белгилари бўйича талабномалар келиб тушиши йил сайин кўпаймоқда. Мисол учун, 2013 йилда улар сони 2 мингдан зиёдни ташкил этган бўлса, жорий йил 1 ноябрь ҳолатига кўра бу кўрсаткич қарийб 3500 га етди. Талабномаларнинг 74 фоизи тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.
Матбуот анжуманида 22-23 ноябрь кунлари пойтахтимизда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда минтақавий семинар ўтказилиши, унда Ҳиндистон, Ливан, Беларусь, Озарбайжон, Россия каби давлатлардан вакиллар иштирок этиши маълум қилинди. Шунингдек, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш каби қатор йўналишларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.
Манба: ЎзА