Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Қирол Киба» ўзбек тилида чоп этилади
2017-11-21 | Жамият
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида Япониянинг Хигашикава мерияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув аввалида Агентлик бош директори Лазиз Тангриев жаноб Ичикава Наоки бошчилигидаги делегация аъзоларига Агентликнинг фаолияти, матбаа ва ноширлик борасидаги имконият ҳамда тажрибалари хусусида қисқача сўзлаб берди.
Жаноб Ичикава Наоки Хигашикава шаҳри мерияси беш йилдан буён мамлакатимизнинг бир қатор етакчи олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётгани, ҳозирга қадар юздан ортиқ иқтидорли ўзбек ёшлари Хигашикава ўқув юртларининг тил ўрганиш курсларида таълим олганликлари ҳақида гапирди.
Шундан сўнг учрашувнинг асосий мақсади этиб белгиланган–«Қирол Киба» эртагини ўзбек тилида чоп этиш таклифи хусусида тўхталиб, ушбу асар япон халқининг маданияти, урф-одат ва хусусиятлари ҳақида кенг тушунча бериши, қолаверса, халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлигини қайд этди. Ўз навбатида Агентлик бундай таклифни қўллаб-қувватлаши ва ижодий ҳамкорликка тайёр эканлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида «Қирол Киба» асарини мамлакатимизда ўзбек тилида нашр қилишга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги