Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 10 тадан замонавий сузиш ҳавзаси қуриш керак
2017-11-17 | Сиёсат
Давлатимиз раҳбари Сергели тумани 6-А массивидаги сузиш ҳавзасини ҳам бориб кўрди.
Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, болалар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларнинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етишини таъминлаш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сузиш ҳавзасининг узунлиги 25 метр, эни 11 метр. Кунига 150-200 кишини қабул қилади. 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига барпо этилган иншоотда ёшларнинг сузиш техникасини ўрганиши ва маҳоратини ошириши учун барча шароит яратилган. Тиббиёт ходимлари ва мураббийлар учун хоналар мавжуд. Сувни тозалаш, иситиш тизимлари, хона ҳароратининг мўътадиллигини сақлаш ускуналари сув ҳавзасининг кўп йиллар давомида ёш авлодга хизмат қилишини таъминлайди.
Юртимиз иқлим шароитига, ёз ва қиш фаслига мослаб Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 10 тадан замонавий сузиш ҳавзаси қуриш керак, уларни барпо этишда сифатли қурилиш материалларидан фойдаланиш лозим, деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз спортнинг ушбу тури билан шуғулланишга болаларни янада кенгроқ жалб қилиш, сузиш техникасини ўргатадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.
Манба: ЎзА