Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Америка вакиллари билан учрашув
2017-11-14 | Жамият
Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Америка Қўшма Штатларининг Ташқи сиёсати кенгаши вице-президенти Илан Берман ва Икки партиявийлик сиёсат марказининг миллий хавфсизлик дастури директори Б.Мистал Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонлар Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов ҳамда Ислом цивилизация маркази директори Ш.Миноваров томонидан қабул қилинди.
Ўзаро танишувдан сўнг О.Юсупов меҳмонларга Ўзбекистонда диний вазият, жумладан ташкил топган диний илмий мактаблар ҳамда бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. Суҳбат чоғида Дин ишлари бўйича қўмита фаолияти ҳамда, ўз ўрнида, Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси олдида турган вазифалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Меҳмонлар самимий қабул учун ташаккур билдириб, Ўзбекистондаги бундай нуфузли ташкилот раҳбарлари билан яқиндан танишиш ҳамда ушбу учрашувни ташкил этишда ёрдам берган Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик изҳор қилдилар.
Меҳмонлар ўзларини қизиқтирган саволларига учрашув иштирокчиларидан батафсил ва воқелик асосида тўлақонли жавоблар олдилар.
Учрашув ниҳоясида меҳмонларга Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизация маркази томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.
Учрашув амалий ва ўзаро ҳамфикрлик ҳолатида ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита