Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Хорижлик ишбилармонлар “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида

2017-11-10 | Иқтисодиёт

Жанубий Кореянинг йирик компаниялари вакиллари ва бир гуруҳ маҳаллий тадбиркорлар “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Мамлакатимизда иқтисодиётни изчил ривожлантириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу эркин иқтисодий зоналарда мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, гилам тўқиш, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ва бошқа йўналишларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилмоқда. Эркин иқтисодий зоналар ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш, пировардида аҳоли даромади ва турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. 

“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси учун 709 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бу ерда кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтда маъмурий бино, логистика маркази қуриш, электр-энергияси, сув, табиий газ ва алоқа таъминоти ишлари амалга оширилмоқда. Зонага келадиган 19 километр узунликдаги автомобиль ва темир йўл инфратузилмасини барпо этиш ҳам кўзда тутилган. Шу кунга қадар 18 йирик лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
 
Иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизация қилиш, аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича янада қулай шароит ва имтиёзлар кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда чет эллик ишбилармонлар учун ҳам кўплаб имтиёзлар яратилган. Шу боис Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея сармоядорларида бу катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган Жанубий Кореянинг йирик компаниялари вакиллари, маҳаллий тадбиркорларнинг “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишуви ҳамкорлик учун муҳим қадам бўлди. 

– Ўзбекистонда бизнес юритиш учун қулай шароит ва инвестициявий муҳит яратилган, – дейди Корея Республикаси Кичик ва ўрта бизнес федерацияси раиси ўринбосари Ли Хонг Ву. – Айниқса, эркин иқтисодий зоналар ташкил этилгани ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида ҳам келгусида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонлари ҳамкорлигида кўплаб лойиҳалар амалга оширилишига ишонаман.

 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться