Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Энг юксак инсоний қадриятлар қомуси
2017-11-09 | Жамият
1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг, давлатимизнинг дунёдаги мавқеи, истиқболини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаган ва кафолатлаган муҳим ҳужжат бўлди.
ЎзА мухбири Асосий қонунимиз моҳияти ва аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов билан суҳбатлашди.
– Мирзо-Улуғбек Элчиевич, мамлакатимиз Конституциясининг яратилиши ва унинг тарихий аҳамияти ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган қомуснома – бу Конституциядир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бу эътирофи бугун Асосий қонунимизга берилган оддий таъриф эмас, балки Ўзбекистоннинг келажаги, жаҳон миқёсида тутган ўрни мустаҳкамланиб боришига оид башорати каби жаранглайди.
Дарҳақиқат, давлат ўз ҳуқуқий ҳужжати – Конституцияси билан дунё саҳнига қадам қўяди. Шу жиҳатдан ҳар томонлама мукаммал ва халқаро стандартлар талабларига тўлиқ жавоб берадиган Асосий қонунимизнинг яратилиши халқимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлиши билан бирга, улуғ мақсадлар сари собит қадам ташлашида мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида қайд этганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунасидир.
Шу ўринда Конституциямизнинг яратилиши тарихига бир назар ташласак. 90-йиллар халқимиз учун қандай оғир синовлар даври бўлгани бугун сир эмас. Лекин шундай мураккаб бир даврда халқимизнинг асрий орзуси бўлган мустақиллик сари, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва мустаҳкамлаш йўлида дадил қадамлар қўйилган.
1990 йил 20 июнь куни Мустақиллик декларациясини қабул қилиш жараёнида Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш таклифи илгари сурилди. Шу мақсадда Конституция комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассисларни ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди.
Адлия вазирлиги бу борада ишчи орган этиб белгиланди. Ўша вақтда мазкур ташкилот раҳбаридан бири сифатида Конституциянинг дунёга келиши билан боғлиқ кўпчилик жараёнларда вазирлик ходимлари билан бирга иштирок этганмиз.
Конституция – қонунларга асос бўлувчи, давлатнинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи муҳим ҳужжатлиги боис уни яратиш осон кечмаган. Боз устига ўша даврда бизда қонунчилик билан шуғулланувчи институтлар бўлмаган, алоҳида тажриба ҳали шаклланмаган эди.
Шу боисдан ҳар томонлама етук, академик билимларни эгаллаган олимлар, амалиётчилар тажрибаси асқотган, десак хато бўлмайди. Ўша вақтда кўзга кўринган, йирик ҳуқуқшунос олимлар Шавкат Ўразаев, Анвар Аъзамхўжаев, Ҳожиакбар Раҳмонқулов ва бошқалар бутун тажрибаси, салоҳиятини ишга солган ҳолда илк лойиҳани таёрлашда жонбозлик кўрсатган.
Жаҳон тажрибасини, демократия ва энг ривожланган мамлакатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни синчиклаб ўрганиш билан бир қаторда миллий давлатчилигимизнинг кўп асрлик тарихи, халқимизнинг ўзига хослигига алоҳида эътибор қаратилган ҳолда комиссия томонидан икки йилдан ортиқ вақт мобайнида Конституция лойиҳаси тайёрланди.
Мазкур лойиҳа ҳамда ривожланган давлатлар конституциялари нормалари ёнма-ён ўрин олган катта тарх Биринчи Президентимиз ҳузурида тақдим қилинар эди. Синчиклаб ўрганиш ва бошқа давлатлар тажрибасига назар солган ҳолда, у киши ҳар сафар ўз қўли билан лойиҳага ўзгартиришлар киритарди, фикрларини билдирарди. Шу яхлит лойиҳа қайта-қайта ишланди. Ниҳоят, Конституция лойиҳаси 1992 йил 8 сентябрда умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди.
Муҳокама жараёнида халқимиз фаол иштирок этди. Адлия вазирлиги олимлар, депутатлар ва мутахассислар иштирокида лойиҳада акс этган тамойиллар мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига тушунтириб борди.
Конституция лойиҳаси муҳокама жараёнида билдирилган таклифлар асосида янада такомиллаштирилди. Муҳими, бу унинг кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтишини таъминлади.
1992 йил 8 декабрь куни Бош қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами, деб эълон қилинди.
Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.
Конституция яратилиши ва қабул қилингунигача бўлган барча жараёнларда Биринчи Президентимизнинг доимий эътибори, фикр-мулоҳазалари, талабчанлиги алоҳида ўрин тутди. Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида қайд этганидек, Ислом Каримовни ҳақли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи, деб эътироф этиш учун барча асосларга эгамиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил йил 20 июнь куни «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши қабул қилингани Асосий қонунимизга бўлган юксак эътибор намунасидир. Шу асосда амалга оширилаётган ишлар аҳоли ва ёшларнинг нафақат ҳуқуқий онгини ошириш, балки уларда ватанпарварлик туйғуси янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
– Инсон ва унинг қадр-қимматига оид тамойиллар қомусимизда марказий ўринни эгаллаганининг боиси нимада?
– Дарҳақиқат, Бош қомусимизнинг муҳим ғояси – бу ҳаёт гултожи бўлган инсонни қадрлашга, унинг манфаатларини муҳофазалашга қаратилган. Бу давлатимиз сиёсатида инсонпарварлик принципи устуворлигининг яққол намунаси, десак муболаға бўлмайди. Чунки мустақилликкача бўлган даврда, яъни собиқ тузумда давлат манфаатлари барча нарсадан устун қўйилганини ёдга олсак, бугунги мақсад-муддаоларимиз эзгулиги, Конституциямиз эса энг юксак инсоний қадриятлар мужассамлашган халқчил қомус эканлиги ойдинлашади.
Асосий қонунимизда эътироф этилганидек, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.
Ушбу конституциявий тамойиллар ва уларнинг амалда таъминланаётгани туфайли юртимизда ҳар бир инсон ўзини ҳимояланган ҳис этади. Тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Аҳолининг ўз муаммо ва ташвишлари билан давлат органларига мурожаат этиши учун имкониятлар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида янада кенгайди.
Президентимиз илгари сурган халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойил амалда ўз ифодасини топаётир. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтилди. Бу нафақат халқимиз томонидан, балки халқаро миқёсда ҳам эътирофга сазовор бўлаётгани диққатга сазовор.
– Сайлов тизимининг конституциявий асослари, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари ҳаётда қандай акс этмоқда?
– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси миллий сайлов тизимининг фаолият юритиши ва жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини демократик ривожлантиришда, шубҳасиз, асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу соҳада қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик принциплари устувор. Шу асосда сайлов жараёнида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар, депутатликка, Президентликка номзод кўрсатадиган сиёсий партиялар ва номзодларга сайлов кампанияси давомида кенг ва тенг имкониятлар яратиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳокимият органларининг ҳеч қандай аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни таъминлайдиган, давлат ҳокимияти тизимида алоҳида ўрин тутган конституциявий орган мақомига эга. У ўз фаолиятини мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик принциплари асосида олиб боради.
Миллий қонунчилигимизда Марказий сайлов комиссияси раҳбарлигида сайловларнинг қонун талабларига мувофиқ равишда ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайдиган ҳамда фақат қонунга бўйсунадиган мустақил сайлов комиссиялари ҳақидаги меъёр мустаҳкамлаб қўйилгани сайлов тизимининг энг муҳим хусусиятидир.
Бош қомусимизнинг кўплаб бошқа мамлакатлар Конституцияларидан фарқли ўлароқ ўзига хос хусусиятини кўрсатувчи асосий жиҳатлардан бири – бу унда сайлов тизимига бағишланган махсус боб ажратилганидир.
Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги асосини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва жаҳонда эътироф этилган муҳим демократик принциплар ташкил қилади. Аксарият хорижлик мустақил экспертлар бугунги кунда Ўзбекистон сайлов қонунчилиги демократияга мувофиқлик даражаси бўйича дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларининг сайлов тўғрисидаги қонунларидан устундир, деб эътироф этмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, 2014 йилги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ҳамда 2016 йил ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократик сайлов тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ўзгаришлар ўз самарасини бераётганини кўрсатди.
Айниқса, Президент сайлови сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат ва кураш, Президентликка номзодларнинг сайловолди дастурларини эркин муҳокама қилиш шароитида ҳамда демократик принципларга тўлиқ мос келадиган ошкоралик ва очиқлик руҳида ўтди.
Халқаро кузатувчилар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларга юксак баҳо берди. Барча сайлов участкаларида сайловчиларга қулай шароитлар яратилганини, айниқса, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, турли миллат вакиллари учун сайлов ҳуқуқини амалга ошириш имконияти юқори даражада ташкил қилинганини эътироф этди.
– 2017 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловга тайёргарлик ишлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Айтиб ўтиш керак, Президентимиз томонидан 2017 йил 29 август куни имзоланган “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонун билан Тошкент шаҳрининг туманларида халқ депутатлари Кенгашларига сайловнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.
Шу асосда 2017 йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида, яъни 2017 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 15 сентябрда бўлиб ўтган мажлисида маълум қилинди. Мазкур мажлисда қабул қилинган «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида»ги қарор ташкилий асосларни белгилаб берди.
Тошкент шаҳар туманларида халқ депутатлари Кенгашларини тузиш туманлар даражасида маҳаллий бюджетларни, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини қайта кўриб чиқиш ҳамда қабул қилишда муҳим ўрин тутади. Муҳими, уларнинг ижросини назорат қилади. Кенгашлар сессиясида туманларда жойлашган маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари ва ахборотлари тингланади. Шу орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ўз ваколатлари доирасида ҳал этиш имкони яратилади.
Бу пойтахт туманларининг ривожида муҳим омил бўлиб, жамоатчиликнинг Тошкент шаҳридаги ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтиради. Аҳоли вакилларининг жойлардаги маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини ўрнатиш имконини беради.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишлар жойларда ташкил этиладиган сайлов комиссиялари томонидан сайлов тўғрсидаги қонунчиликка, умумэътироф этилган демократик принциплар ва ҳалқаро стандартларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ олиб борилмоқда.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда «Электрон ҳукумат» тизими доирасида 2017 йил 24 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда ҳуқуқий эксперимент сифатида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ахборот тизимини шакллантириш ва юритишни таъминлаш режалаштирилмоқда. Мазкур тизим сайловда «бир сайловчи – бир овозга эга» принципини таъминлашга хизмат қилади. Кейинчалик ушбу тизимни янада такомиллаштириш ва мамлакатимиз сайлов амалиётига татбиқ этиш кўзда тутилган.
Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини мустақил ҳолда амалга оширади. Ҳар қандай давлат органи, жамоат бирлашмаси ва мансабдор шахсларнинг улар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.
Сайланган депутатлар ўз ваколатларини 2019 йилда юртимизда ўтказиладиган маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига навбатдаги сайловгача амалга оширади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳаётимиз қомусида мустаҳкамланган тамойиллар амалга изчил татбиқ этилаётгани туфайли мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга бўлган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этилмоқда. Давлатимиз халқ фаровонлигини, унинг ҳаёт сифатини ва даражасини муттасил ошириб бориш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш йўлида оламшумул ютуқларга эришмоқда.
Манба: ЎзА