Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тилшунослик–билим, тарбия ва маънавият асоси

2017-11-08 | Таълим

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан филология фанлари ўқитувчиларининг республика форуми ўтказилди. Унда педагоглар, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, дарслик муаллифлари, маънавият тарғиботчилари, ёш ўқитувчилар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Ғ.Раҳимов, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, адабиётшунос олим Б.Назаров, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Н.Маҳмудов ва бошқалар мамлакатимизда таълим соҳасидаги кенг қамровли ислоҳотлар умуминсоний талаб ва мезонларга мос тарзда амалга оширилаётганини таъкидлади. 

Юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатларнинг таълим олиши ҳуқуқий жиҳатдан таъминланган бўлиб, билим даргоҳларида ўқитиш ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, тожик, туркман ва қирғиз тилларида олиб борилмоқда. Умумтаълим мактабларининг 5-9-синфлари учун "Она тили" ва "Адабиёт", таълим рус ва қардош тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 2-9-синфлари учун "Ўзбек тили" дарсликлари янгидан яратилган. Адабиёт дарсликларининг мазмун-моҳияти тубдан янгиланиб, улар ўзбек халқ оғзаки ижодиёти, миллий мумтоз, ҳозирги замон, жаҳон адабиётининг етук намояндалари ижоди билан бойитилди. 

Мактаб кутубхоналарини жаҳон ва ўзбек адабиётининг нодир намуналари билан бойитиш мақсадида ўқувчиларнинг турли ёшига мос ҳолда бадиий, маърифий-оммабоп китоблар жойларга етказилди. Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ мактабларнинг 1-синфидан бошлаб чет тиллар, хусусан, инглиз, немис, француз тиллари мукаммал ўргатилмоқда. 

– Бугунги кунда болаларга билим бериш баробарида уларнинг яхши китобга қизиқишини, ўқишга иштиёқини ошириш ва шу орқали маънавиятини юксалтириш долзарблик касб этмоқда, – дейди Самарқанд шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Азиза Оқилова. – Тилнинг бадиий жозибаси орқали болаларда мутолаага бўлган меҳрни кучайтириш, китоб орқали уларда эзгу фазилатларни мустаҳкам қарор топтиришга, мустақил ва соғлом фикр юритишни ўргатиш биз – педагогларнинг вазифаси. Бу эса ўқитувчидан ишга кўпроқ ижодий ёндашиш кераклигини талаб этмоқда. 

Форумда тилшуносликнинг долзарб масалалари муҳокама этилиб, истиқболдаги вазифалар белгиланди. Анжуман доирасида қатнашчилар пойтахтимиздаги диққатга сазовор масканлар, музейлар, мактаблар фаолияти билан танишди. Очиқ дарслар, маҳорат сабоқлари ўқитувчиларнинг тилшунослик, ёшлар китобхонлигини ривожлантириш, адабиёт дарсларининг тарбиявий аҳамиятини тобора кучайтиришга доир билимларини янада бойитди.

 

Назокат Усмонова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться