Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳунармандчиликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди

2017-11-04 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 ноябрь куни ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Мамлакатимизда ҳунармандлик азалдан яхши ривожланган. Болаликдан ҳунар ўрганиш, яратган маҳсулоти ва меҳнати билан одамларга наф келтириш халқимизнинг миллий қадриятига айланган. Ҳунар турлари асрлар давомида кенгайиб, янги йўналишлар ва мактаблар билан бойиб борган. Маълумотларга кўра, бугунги кунда юртимизда ҳунармандликнинг 34 тури мавжуд. 

Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш йўлида яратилган имкониятлар самарасида ҳунармандлик равнақига кенг йўл очилди. Республика “Ҳунарманд” уюшмаси, жойларда эса унинг бўлимлари ташкил этилди. Бир пайтлар уста ва ҳунармандлар ўзлари яратган буюмларни сотиш, намойиш этишда турли тўсиқларга учраган бўлса, бугун ҳар бир туман ва шаҳарда ҳунармандлар марказлари фаолият юритмоқда, бозорлар ва савдо мажмуаларида махсус савдо расталари ташкил этилган. 

Ҳунармандлик авлоддан-авлодга ўтиб келаётган сулолалар фаолияти қўллаб-қувватланмоқда. Улар "устоз-шогирд" анъанаси асосида ёш авлодга ўргатилмоқда. 

Ҳунармандлик харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш, халқимиз фаровонлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Йиғилишда халқ ҳунармандлиги ва амалий санъатини ривожлантириш, улар томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди. 

Ҳунармандларнинг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш, бунинг учун уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, соҳага халқаро молия институтлари инвестицияларини жалб этиш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, "Микрокредитбанк" раҳбарлари ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари зиммасига ҳудудларнинг ўзига хос хусусият ва анъаналаридан келиб чиқиб, туманлар кесимида аниқ режа ишлаб чиқиш, ҳар бир ҳунармандга етиб бориш вазифаси қўйилди. 

Ҳунармандларни давлат рўйхатидан ўтказиш, уларга бўш турган биноларни имтиёзли равишда бериш, асбоб-ускуна ва хомашё материаллари билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Ҳунармандлар марказлари фаолиятини кенгайтириш, улар ишлаб чиқарган маҳсулотларни харидорларга етказишни осонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Хусусан, қўли гул усталарнинг ўз маҳсулотларини бозор ва супермаркетларда сотиши учун кенг имконият яратиш зарурлиги, хоҳласа ўз хонадонида дўкон очиши мумкинлиги таъкидланди. Доимий савдо жойига эга бўлмаган, вақтинчалик жойларда савдо қилаётган ҳунармандларга савдо қилиш қоидалари асосида талаб этиладиган касса аппарати ва савдо терминалидан фойдаланиш ҳамда тижорат банкларига савдодан тушган нақд пулни инкассация қилиш талаблари ихтиёрий этиб белгиланади. 

Йиғилишда берилган топшириқларга мувофиқ, ҳар бир вилоятда махсус кўргазма ва ярмаркалар ташкил этилиб, уларда ҳунармандлар бепул иштирок этади. Шунингдек, уларнинг хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль ва ярмаркаларда қатнашишига кўмаклашилади. 

Ҳунармандларнинг экспорт фаолияти ҳам рағбатлантирилади. Уларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, жумладан, банк ҳисобрақамларидан хорижий валютани нақд ҳолда олиш ҳуқуқи берилади. 

Ҳунармандликни ривожлантириш учун “Устоз-шогирд” анъанаси асосида бу жараёнга ёшларни жалб этиш, ҳунармандларни шогирд олиш ва ҳунарга ўргатишга рағбатлантириш, ёш ҳунармандларга фаолиятини бошлашда ҳар томонлама кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди. 

Бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, ҳунармандликка кредитлар ажратишни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди. 

Йиғилишда соҳада хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳунармандларни молиявий-ташкилий қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди. 

Тегишли ташкилотлар мутасаддилари зиммасидаги вазифалар белгилаб берилди. 

Манба: ЎзА

Поделиться