Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон — Россия муносабатларини мазмунан бойитиш йўлида

2017-10-31 | Сиёсат

Тошкент ва Москва ўртасидаги фаол ҳамда самарали мулоқотлар изчил давом этмоқда.

Россия Федерацияси Ҳукуматининг раиси Дмитрий Медведев 2-3 ноябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4-5 апрель кунлари Россияга буюрган давлат ташрифи икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг жадаллашувини бошлаб берди. Умумий қиймати 16 миллиард АҚШ долларига тенг 50 дан зиёд ҳукуматлараро, идоралараро ҳамда корпоратив битимларнинг имзолангани мисли кўрилмаган воқеа бўлди.

Икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш Россия расмийларининг амалий ташрифлари чоғида давом этди. Масалан, 20 — 22 август кунлари Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раисининг ўринбосари Ильяс Умаханов бошчилигидаги парламент делегацияси, 23 августда Россия Ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Игорь Шувалов, 25 сентябрь куни Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов, 16 октябрда эса Чеченистон Респуб-ликаси раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистонда бўлди.

Шуни айтиш жоизки, Россия анъанавий равишда мамлакатимизнинг етакчи ташқи савдо шериги бўлиб қолмоқда. Масалан, жорий йилнинг январь — сентябрь ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,5 миллиард АҚШ долларидан иборат бўлди.

Бугунги кунда давлатларимиз ўртасида амал қилаётган “яшил йўлак” доирасида Ўзбекистондан Россия бозорига етказиб берилаётган ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажми ҳамда турлари кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

Республикамизда анъанавий ўтказиб келинаётган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида Россиянинг ташкилот ва компаниялари фаол иштирок этаяпти. Жорий йил 6 — 8 сентябрь кунлари бўлиб ўтган навбатдаги ярмаркада улар билан умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган экспорт шартномалари имзоланди.

Жорий йил сентябрь ойида Президент Владимир Путиннинг топшириғига биноан мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлган Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачёв Россия томонининг Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тўла қамровли амалий ҳамкорлигини ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини яна бир карра тасдиқлади.

Ўз навбатида, ўзбек ишлаб чиқарувчилари ҳам Россияда ўтказиладиган халқаро кўргазмаларда фаол қатнашмоқда. Сентябрь ойида Москвада бўлиб ўтган “Текстильлегпром” 49-Федерал улгуржи ярмаркасида ҳамда “MosShoes” 73-Халқаро пойабзал кўргазмасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган кенг қамровдаги маҳсулотлар намойиш қилинди.

Эслатиб ўтамиз: октябрь ойининг бошида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Россия бизнес форуми доирасида Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доиралари вакиллари савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий соҳалардаги истиқболли ҳамкорликнинг оралиқ якунларига назар солишгани баробарида, мазкур йўналишдаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришни ҳам муҳокама этдилар. Ўшанда таъкидланганидек, автомобиль саноатида, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва фармацевтика соҳаларидаги кооперация ўзаро савдони диверсификациялаш ҳамда унинг ҳажмини йилига 8 — 10 миллиард АҚШ долларига етказиш имконини беради.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик кун сайин ривожланаётган йўналишларнинг яна бири ҳисобланади. Икки мамлакатнинг етакчи олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқалар тобора кенгайиб бормоқда. Мисол учун, 2017 йил июнь ойида Москвада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Октябрь ойида Тошкентда Москва давлат халқаро муносабатлар институти ректори Анатолий Торкуновга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фахрий доктори унвони берилди.

Мамлакатларимизнинг ёш ҳамда тажрибали санъат усталари ўртасидаги учрашувлар маданий мулоқотни қўллаб-қувватлаш имконини бермоқда. Июнь ойида Россия пойтахтида “Москва дўстларни кутиб олади” XIV Халқаро фестивали бўлиб ўтди. Владимир Спиваков халқаро хайрия жамғармасининг ўта кенг қамровли ушбу лойиҳасида В. Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчилари Ўзбекистон санъатини намойиш қилишди. Ёш иқтидор эгаларининг чиқиши томошабинларнинг гулдурос олқишларига сазовор бўлди. 26 август — 3 сентябрь кунлари Москва шаҳрида уюштирилган “Спасская башня” Х халқаро ҳарбий-мусиқа фестивалида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Алоҳида намунали-кўргазмали ҳарбий оркестри чиқишлари ҳам муваффақиятли бўлди.

Ҳар икки мамлакатда ўтказилаётган маданият кунлари Ўзбекистон ва Россия халқлари ўртасидаги дўстликнинг ҳамда бир-бирини ўзаро тўғри тушунишнинг мустаҳкамланишини таъминламоқда. Сентябрь ойида Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари тадбири доирасида Россия Федерациясининг аҳолиси ва меҳмонлари ўлкамиз ҳақидаги суратлар кўргазмаси билан танишганлари баробарида, ўзбек эстрадасининг таниқли санъаткорлари, “Ялла”, “Мақом” ансамбллари, Ўзбекистон ёш симфоник оркестри томонидан тайёрланган махсус концерт дастури намойишидан баҳраманд бўлдилар.

29 сентябрь — 2 октябрь кунлари Москва ҳамда Бутун Рус Патриархи Кирилл бошчилигидаги Рус православ черковининг Москва Патриархати делегацияси мамлакатимизга ташриф буюргани динлараро муваффақиятли мулоқот ва маданий ҳамкорликнинг гарови бўлди. Ташриф чоғида Рус православ черкови раҳбари юртимизда миллатлараро тинчлик ҳамда ҳамжиҳатликни таъминлаш, турли эътиқод кишилари ўртасида дўстлик ва бир-бирини тўғри тушунишни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган сиёсатга юқори баҳо берди. Диний арбоб республикамизда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичини ижобий баҳолади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон — Россия ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатлари жорий йилда янги мазмун билан бойиди, ўзаро алоқалар, кўриниб турганидек, барча йўналишда изчил кенгаймоқда. Шу нуқтаи назардан, Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Дмитрий Медведевнинг мамлакатимизга буюрадиган расмий ташрифи, шубҳасиз, халқларимиз манфаатлари йўлида икки томонлама самарали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Г. НУРЖОНОВА

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться