Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Юртимиз суғурта бозорининг профессионал етакчи идораларидан бири
2017-10-30 | Иқтисодиёт
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида суғурта, лизинг ва бошқа молиявий хизматларнинг ҳажмини уларнинг янги турларини жорий қилиш ва сифатини ошириш ҳисобига кенгайтириш, шунингдек, капитални жалб қилиш ҳамда корхона, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштиришдаги муқобил манба сифатида фонд бозорини ривожлантириш ҳам кўзда тутилган.
Бу, ўз навбатида, замонавий суғурта бозори инфратузилмасини ривожлантириш, рақобатни кенгайтириш, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, янги суғурта маҳсулотларини жорий этиш учун шароитлар яратишни назарда тутади.
Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги "Кафолат" суғурта компанияси" акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳам бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
– Компаниямиз юртимиз суғурта бозорининг профессионал етакчи идораларидан бири ҳисобланади, – дейди "Кафолат" суғурта компанияси" акциядорлик жамияти Самарқанд филиали директори Арслон Ҳайитов. – Филиалимиз томонидан жорий йилнинг тўққиз ойида 39 мингдан ортиқ шартнома тузилиб, 1 миллиард 846 миллион сўмлик суғурта жавобгарлиги олинди. Ўтган йилга нисбатан суғурта мукофотлари 120,8 фоизга ўсди. Суғурта қопламалари тўлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини такомиллаштириш, суғурта ҳодисаси содир бўлган вақт билан суғурта қопламасини тўлаш вақти оралиғини қисқартиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Йил бошидан буён юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган 55 даъво аризаси юзасидан суғурта қопламалари тўлаб берилди. Мазкур суғурта қопламаларининг умумий ҳажми 2016 йилга нисбатан 14,7 фоизга кўпайди.
Давлатимиз раҳбари қарорига кўра, эндиликда компания фаолияти янада такомиллашиб, хизмат кўрсатиш ошади. Ҳужжатда бу борадаги вазифалар аниқ белгилаб берилди.
Жумладан, гаров ва лизинг объектларини зарардан, оловдан ва табиий офатлардан суғурта қилиш, шунингдек, мол-мулк, ускуналар ва йўлдаги товарларни ҳамда тадбиркорлик фаолиятини барча хатарлардан суғурта қилиш орқали тадбиркорлик субъектларига суғурта ҳимоясини тақдим этиш, саноат корхоналари ва иқтисодий соҳалардаги қурилиш объектларининг барча таваккалчиликлардан суғурта қилинишини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Давлат дастури доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларида юридик ва жисмоний шахсларга суғурта ҳимоясини тақдим этишда аҳоли қамровини “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан биргаликда кенгайтириш белгиланди.
Шунингдек, аҳолини шахсий суғурталаш, жумладан, инфекцион касалликлардан суғурта қилиш бўйича суғуртавий ҳимоясини таъминлаш, ёшлар учун уй-жой қуриш дастурлари бўйича уй-жойларни суғурталаш, янги инновацион суғурта маҳсулотларини яратиш орқали суғурта фаолиятини кенгайтириш, замонавий информацион технологиялардан фойдаланган ҳолда виртуал офислар ва суғурта хизматларини кўрсатишнинг янги каналларини яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Қарорда онлайн режимда электрон суғурта полисларини сотиш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш кўзда тутилган. Ушбу механизм, айни пайтда амал қилаётган суғурта полисларини қоғозда расмийлаштириш тартиби ўрнини эгаллашга мўлжалланган бўлиб, бу айниқса, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланаётган даврда долзарбдир.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда аҳолига суғурта хизматларини кўрсатиш учун кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни алмашиш бўйича автоматлаштирилган механизм яратилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларида тадбиркорлик субъектларига доимий равишда суғурта полисларини сотиш шохобчалари ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда сейсмик жиҳатдан хавфли, сел ва тошқин хавфи бўлган минтақаларда жойлашган фуқароларнинг иншоотлари, турар жойлари, шахсий мулкини, ишлаб чиқариш ва ижтимоий мақсадларда барпо этилган объектларни суғурталашга алоҳида эътибор берилади.
Президентимизнинг ушбу қарори "Кафолат" суғурта компанияси" акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш билан бирга халқимизнинг суғурта институтига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва суғурта бозорини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган суғурта хизматлари сифатини ошириш ва уларнинг халқаро талаб ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор тармоқларига сармоялар киритувчи хорижий инвесторлар манфаатларининг суғуртавий ҳимоясини кафолатлашга хизмат қилади.
Манба: ЎзА