Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент ислом университетида фотокўргазма
2017-10-30 | Маданият
Тинчлик, хотиржамлик, фаровон ва бахтиёр ҳаёт – энг олий неъмат. Тошкент ислом университетида ўтказилаётган фотокўргазма ҳар бир томошабинни осойишта ва ёруғ кунларимиз, истиқлолимиз, она Ўзбекистонимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга чорлаши билан диққатга сазовордир.
Мазкур олий таълим даргоҳининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Бадиий академия, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этган фотокўргазманинг очилишига мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, турли диний конфессиялар вакиллари, олимлар, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Университет ректори Р.Абдуллаев, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси раиси И.Латипов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Мусулмонлар идораси раиси, муфтий У.Алимов ва бошқалар мамлакатимизда тинчлик, ижтимоий барқарорлик, турли миллат ва диний конфессиялар ўртасидаги ўзаро тотувликни мустаҳкамлашга устувор масала сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида баён қилинган ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишга доир қимматли фикрлари халқаро миқёсда катта эътибор ва қизиқиш уйғотди.
"Жаҳолатга қарши маърифат" тамойили дунёда дин ниқоби остида зиддиятларни авж олдираётган ғаразли кучларнинг ахборот хуружига нисбатан курашишда ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ долзарб аҳамият касб этмоқда. "Диний экстремизм ва терроризмнинг мудҳиш қиёфаси" деб номланган ушбу кўргазмадан жой олган фотоасарлар ҳам биз учун энг мўътабар қадрият ва тушунчаларнинг қимматини янада теранроқ идрок этишга ундайди.
Кўргазмага Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари, ёш ижодкор рассомлар, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмасининг мутахассис ва дизайнерлари томонидан 200 га яқин ижодий иш келиб тушган бўлса, уларнинг энг мукаммал деб топилган 50 таси экспозиция учун саралаб олинди. Эндиликда мазкур кўргазмани юртимизнинг турли ҳудудларида намойиш этиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Мовароуннаҳр" нашриётининг диний-маърифий адабиётлардан иборат китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Манба: ЎзА