Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Пойтахтимизда «Инновация –2017» халқаро илмий-амалий анжумани иш бошлади

2017-10-27 | Технологиялар

Бугунги кунда ишлаб чиқариш, молия соҳаларида янги технологияларни жорий этиш, инфратузилмани ривожлантириш, валюта ресурсларини жамғариш инновацион фаолият жадал тараққий этганига боғлиқ. Инсон фаолиятининг турли жабҳаларини қамраб олган инновация жараёнларининг узвийлиги эса илмий йўналишлар ва фанлараро тадқиқотлар негизидагина аниқ натижалар беради.

Анъанавий «Инновация – 2017» халқаро илмий-амалий анжумани мамлакатда инновацион ривожланишни жадаллаштиришда олимлар, тадбиркорлар, банк-молия ва бошқа кўплаб соҳа вакилларини ўз атрофига бирлаштиргани билан муҳим аҳамиятга эга. 

Форум Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази томонидан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Навоий кон-металлургия комбинати ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Россия, Германия, Япония, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Норвегия, Украинадан олимлар, тадқиқотчилар, йирик саноат корхоналари вакиллари, тадбиркорлар ва ёшлар иштирок этмоқда. 

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети проректори Б.Мирзааҳмедов, Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази директори О.Қодиров ва бошқалар Ўзбекистонда фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, илм-фан тараққиётида фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, амалий ишланмалар ва инновацион ғоялар учун мустаҳкам асос яратилганини таъкидлади. Президентимиз раҳнамолигида юқори технологик илмий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи инновация марказлари ташкил этиш, улар фаолиятини рағбатлантириш, илмий-инновацион маҳсулотларни амалиётга кенг жорий этиш борасидаги ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилаётгани қайд этилди. 

Анжуманда илмий-амалий ва таълим йўналишларининг долзарб масалалари муҳокама этилмоқда. 

Автоматлаштириш ва саноат хавфсизлиги, кон саноати инновацион муаммоларини ечишнинг рақамли моделлари, Орол-Сирдарё ҳавзаси сув таркибининг экорадиомониторинги, мева-сабзавотларни сақлаш ва ўрмонлар барпо этишнинг инновацион технологиялари каби мавзуларни қамраб олган умумий йиғилишларда илмий-техник ҳамда инновацион ишланмалар, уларнинг илмий-назарий асосларига бағишланган маърузалар тингланди. 

“Ёшлар ва таълим муаммолари” шўъбасида таълим муассасаларида фанларни ўқитишнинг замонавий усуллари, техника соҳасига ихтисослашган олий ўқув юртларида ижтимоий лойиҳалаш тажрибаси, Ўзбекистон тарихини ўрганишда топономик инновацион технологиялардан фойдаланиш бўйича маърузалар тақдим этилди. “Иқтисодиёт тармоғидаги инновацион жараёнлар” мавзуидаги шўъба мажлисларида авиация, компьютер техникаси, синхрон механизмлар ва машиналар, пахта териш машиналари қисмларининг умумий ҳолати бўйича маълумот олиш, пахта толаси сифатини ошириш каби масалалар ечими юзасидан фикр алмашилмоқда. 

– Мамлакатимизда илм-фан тараққиётининг ўзига хос хусусиятлари таълим тизимига ўқитишнинг инновацион ҳамда илғор хорижий тажрибалари, янгича ёндашувларни жорий этишда намоён бўлмоқда, – дейди Тошкент давлат техника университети профессори Тўлқин Ғоипов. – Таълим тизимини ислоҳ қилишга бўлган бундай ёндашув жамият ҳаётининг турли соҳалари учун юқори салоҳиятга эга кадрлар тайёрлаш, барча жабҳаларни замон талабига мос тарзда ривожлантириш имконини бермоқда. Мазкур халқаро илмий-амалий анжуман ишлаб чиқариш вакиллари, олимлар, тадбиркорлар ўртасида ўзаро мулоқот майдонини яратмоқда. Бу илмий-техник, маданий-гуманитар соҳадаги ютуқларни қиёсий таҳлил қилиш ҳамда уларни жамият ҳаётига фаол жорий этишга хизмат қилмоқда. Ўтган йиллар давомида ўтказилган ана шундай анжуманларда тақдим этилган иссиқлик энергия жиҳозларининг самарадорлигини ошириш ҳамда оптимал иш ҳолатини таъминлаш борасидаги ишланмалардан бугун ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилаётир. 

“Табиий, минерал хомашё ва ёнилғи-энергия захираларидан оқилона фойдаланиш муаммоларини ҳал этишнинг инновацион технологиялари” шўъбаси энергияни тежаш, энергетик ва саноат қозонларини бошқаришнинг автоматик тизимини ишлаб чиқиш, насос қурилмаларида электр ўтказишни тадқиқ қилиш, чигитни линтлаш технологик жараёнларини бошқаришнинг илғор усулларини яратиш масалаларига бағишланган. 
 

– Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда, – дейди Маркшейдерлар халқаро ҳамжамияти президенти Анатолий Охотин (Россия). – Бу иш самарадорлигини сезиларли равишда ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда иқтисодий юксалишни таъминлаш имконини беради. Форумда “Тоғ-кон саноатида инновацион муаммоларни бартараф этишнинг рақамли моделлари” мавзуидаги маъруза билан иштирок этмоқдаман. 

Халқаро форумнинг “Геология, кон иши ва металлургия” секциясидан уран ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш, зич маъданларга ишлов бериш орқали олтин ажратиб олиш самарадорлигига эришиш, қимматбаҳо унсурларга ишлов беришда катодли чўкмаларни қайта ишлаш, пўлат эритишнинг камчиқим технологиялари каби муҳим маърузалар ўрин олган. 

“Бошқарувнинг автомат ва автоматлаштирилган тизимлари” шўъбаси автоматик бошқарув тизимида декомпозицион ҳамда мураккаб мослашувчан автоматик тизимлар назарияларини ривожлантириш, нефтни қайта ишлаш заводларида ишлов беришнинг муқобил вариантларини ишлаб чиқиш масалаларини қамраб олган. Нефть-газ, кимё саноати ва геологияда фойдаланиш учун асбоб-ускуналар яратиш, пахта тозалаш саноатидаги технологик жараёнларни бошқаришнинг долзарб масалалари бўйича тақдим этилган изланишлар амалий аҳамиятга эга экани билан иштирокчиларга манзур бўлди. 

– Инновацион ишланмалар келажак технологияларидир, – дейди Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети ўқитувчиси Гавҳар Тўрабекова. – Таъкидлаш жоизки, мазкур анжуманда ўзбекистонлик олимлар илм-фанда инновацион ёндашувларни жорий этишга қаратилган фаол тадқиқотлар олиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Ушбу лойиҳа ва ишланмаларни амалиётга кенг татбиқ қилиш маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда жаҳон бозорига янги маҳсулот турларини чиқаришга замин яратади. 

“Математика, математик моделлаштириш”, “Ахборот технологиялари”, “Меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги. Экология” шўъбаларида ҳам инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича тақдимотлар ўтказилмоқда. 

Халқаро анжуман илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ташкилотларининг технология ва ишланмаларини намойиш этиш, бу борадаги илғор ютуқлар билан танишиш, инновацион ривожланишнинг истиқболдаги вазифаларни белгилашга хизмат қилади.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться