Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Электрон рақамли имзо эндиликда «ягона ойна» марказларида берилади
2017-10-25 | Жамият
Жорий йилнинг 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларига фақат “ягона дарча” тамойили бўйича ягона марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти.
Қарорга мувофиқ, электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш ва сертификат бериш фақат “ягона ойна” марказларида амалга оширилади. Авваллари бу хизмат бевосита давлат солиқ хизмати органлари томонидан тақдим этилар эди.
Эслатиб ўтамиз, электрон рақамли имзо бу – электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хато йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзодир. (Ўзбекистон Республикасининг «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги қонуни)
Электрон рақамли имзо давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат органлари ва тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини беради.
Электрон рақамли имзо калитларнинг сертификатлари юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича берилади.
Манба: ЎзА