Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги янги босқичга чиқди
2017-10-23 | Сиёсат
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз номи билан бутун дунё мамлакатларини бирлаштирган универсал халқаро ташкилотдир. Ўзбекистон ушбу халқаро тузилмага истиқлолнинг дастлабки ойларидаёқ – 1992 йил 2 март куни аъзо бўлган. Ўтган даврда ўзаро алоқалар изчил ривожланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу тарихий ташриф мамлакатимиз билан БМТ ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб берди.
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси сессияси инсоният олдида турган долзарб муаммоларни муҳокама этиш, уларга ечим қидириш масалаларига бағишланади. Бу борада давлатларнинг қарашлари ўртага ташланади, минтақалар ва халқлар манфаатидан келиб чиқиб хулосалар белгиланади.
Бундай форумда маъруза қилиш имконияти ҳаммага ҳам берилавермайди. Бунда давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, халқаро майдондаги обрў-эътибори, дунёда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, турли миллат ва элатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдаги фаол иштироки ҳисобга олинади. Давлатимиз раҳбарининг сессиядаги иштироки ва БМТнинг юксак минбаридан туриб сўзлаган нутқи шу жиҳатдан тарихий воқеа бўлди. Айтиш жоизки, Президентимиз ўз нутқида уч йўналишдаги – Ўзбекистон, Марказий Осиё минтақаси ва БМТ даражасидаги фикрларини ўртага ташлади, умуминсоний манфаатлар кўзланган таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Нутқда баён қилинган Ўзбекистонда барча соҳадаги ислоҳотлар “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойилга асосланиши, 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани, мамлакатимизда Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, одамлар давлат идоралари учун эмас, давлат идоралари одамлар учун хизмат қилаётгани, бу жамиятимиз шиорига айлангани, Ҳаракатлар стратегияси бу ишларда асосий дастур бўлиб хизмат қилаётгани ҳақидаги фикрлар жаҳон афкор оммасида қатта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, экологик вазиятни барқарорлаштириш, қўшни Афғонистондаги вазиятни ўнглаш, минтақани ядродан холи ҳудудга айлантириш, наркобизнесга қарши курашишда барча давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масалаларини доимо илгари суриб келган. Бу дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда БМТ фаолиятига дахлдор қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинишига асос бўлган. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиёни ўзаро ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатлари асосида изчил тараққий эттириш борасида амалга оширилаётган ишлар минтақада сиёсий мулоқот фаоллашиб, кўплаб масалаларни ҳал қилиш имконини бераётир.
Нутқда илгари сурилган яна бир муҳим масала, бу минтақадаги сув захираларидан оқилона фойдаланиш, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ғоясидир. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиш мақсадида Орол фожиаси акс эттирилган харитани минбар узра баланд кўтариб кўрсатди. Бундай ҳолат нуфузли ташкилот сессияларида ҳали кузатилмаган. Бу ҳам маърузадаги далиллар ҳақида анжуман иштирокчиларида, қолаверса, уни кузатган миллионлаб одамларда яққол тасаввур уйғотди.
Президентимизнинг дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, БМТнинг халқаро муносабатлардаги ролини ошириш борасидаги фикрлари ҳам долзарб аҳамиятга моликдир. БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббуслар, айниқса, тарихий воқеадир. Ушбу таклифлар саммит давомида хорижий оммавий ахборот воситалари учун кун мавзуси бўлди, давлат раҳбарларининг учрашувларида, турли доирадаги тадбирларда қизғин муҳокама этилди.
Саммит доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Ўзбекистон Республикасининг туҳфаси – Регистон майдони макети топширилиши ҳам ўзига хос чуқур маънога эга воқеага айланди.
Кейинги бир йилда ўзаро ташрифлар ҳам фаоллашди. Жорий йил июнь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатимизга ташриф буюрди. Президентимиз билан учрашув ўтказди. Самарқанддаги Халқ қабулхонаси, “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан танишди.
БМТ Бош котиби Орол денгизи акваториясида, Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони”да ҳам бўлиб, БМТ томонидан ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳаларни кўрган эди. БМТ Бош котибининг мамлакатимизга ташрифи якунлари бўйича қабул қилинган 2017-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси билан БМТ ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси" ва БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича қабул қилинган махсус дастур Оролбўйи минтақасидаги вазиятни яхшилаш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу йил 10-12 май кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси делегацияси мамлакатимизда бўлди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайнни Президентимиз Шавкат Мирзиёев қабул қилди.
Делегация аъзолари Ўзбекистонга ташрифи доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти, Омбудсман билан самарали учрашувлар ўтказди. Юксак мартабали меҳмон Самарқандни зиёрат қилиш асносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонасида ва маҳаллада ҳам бўлди. Вилоятдаги турли диний конфессиялар, бир қатор миллий маданий марказлар вакиллари билан учрашди.
Яқинда БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид мамлакатимизда бўлиб, дин ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ушбу ташриф ҳам Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда халқни рози қилиш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан очиқ мулоқотлар фаоллашиб бораётгани, турли сабабларга кўра тўғри йўлдан адашганларни соғлом ҳаётга қайтариш борасида дунё ибрат олса арзигулик ишлар амалга оширилаётганини кўрсатди. Буларнинг бари Ўзбекистоннинг БМТ билан муштарак мақсадлари жамиятимиз ҳаётида тўла ифодасини топаётгани, ҳамкорликдаги лойиҳалар умумий тараққиётга хизмат қилаётганидан далолатдир.
Ўзбекистонда БМТ билан ҳамкорлик барча соҳада изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизда ушбу ташкилотнинг нуфузли органлари – Тараққиёт дастури, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Аҳолишунослик жамғармаси, Болалар жамғармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури ва бошқа тузилмалари ваколатхоналари фаолият юритаётгани ҳамкорлик самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа ташқи сиёсий шериклар билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришда дастуриламал бўлмоқда.
Шу йил ноябрь ойида Самарқандда БМТ шафелигида ўтказиладиган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзуидаги халқаро анжуман ушбу тенденцияни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу анжуманда мамлакатимиз сиёсатининг янги йўли, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик, минтақа халқлари манфаати намоён бўлади.
Манба: ЎзА