Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида янги ислоҳотлар даври бошланмоқда

2017-10-20 | Иқтисодиёт

Мамлакатимизда жорий йилда 1 миллион гектардан ортиқ ерга такрорий экинлар экилди. Натижада 2,5 триллион сўм даромад кутилмоқда. Афсуски, бугунги кунда аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолмоқда. Мамлакатимизда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, экин майдонлари ва томорқалардан унумли фойдаланиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, жорий йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Эндиликда мазкур ҳужжатлар асосида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини янада қўллаб-қувватлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш, пировард натижада ер эгаларининг даромадларини кўпайтиришга бўлган муносабатлар тубдан ўзгаради. 

Халқаро пресс-клуб ва “Менинг боғим” телекўрсатуви ижодкорлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, соҳага дахлдор вазирлик ва идоралар масъуллари, фермерлар, боғбон ва томорқа эгалари, экспертлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Президентимизнинг юқорида қайд этилган фармон ва қароридан келиб чиқадиган вазифалар атрофлича муҳокама этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Б.Тожиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Т.Эшназаров, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Б.Юсупов, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг ўринбосари М.Рўзиметов ва бошқалар мазкур ҳужжатлар мамлакатимизда ер ва ундан фойдаланишнинг мутлақо янги йўналишини бошлаб бераётганини алоҳида таъкидлади. 

– Президентимизнинг фармон ва қарори билан соҳада уч асосий муҳим ўзгариш бўлаяпти, – дейди адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов. – Аввало, фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларининг манфаатлари ва қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги тузилма ташкил этилди. Унинг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва функциялари кучайтирилди. Ер эгаларининг ерга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга қаратилган мезонлар ва ниҳоят ердан фойдаланишни рағбатлантириш, фермер хўжаликлари, томорқа ер эгаларининг ишлаб чиқариш қувватини оширишга доир чора-тадбирлар мустаҳкамлаб қўйилди. Қисқа вақт оралиғида тегишли қонун ҳужжатларига мазкур фармон ва қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. 

Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги “Барчиной қизлари” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Дилдор Аминова тикувчилик цехи, фитнес клуб, гўшт маҳсулотлари савдоси, темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик завод фаолиятини йўлга қўйган. Уларда 70 га яқин ҳамқишлоғи меҳнат қилади. 

– Президентимизнинг фармон ва қарори бизни янгича ишлашга рағбатлантирди, қўшимча имтиёз ва қулайликлар яратди, – дейди Д.Аминова. – Айни кунларда биз фаолиятимизни янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш юзасидан янги режалар тузаяпмиз. Бунинг учун барча қонуний асослар мавжуд. Эндиги вазифамиз ўз меҳнатимиз билан Ватанимиз иқтисодиёти юксалишига ҳисса қўшиш. 

Тадбирда лалми ерларда боғ яратган боғбонлар, маҳсулотларини хорижга ҳам экспорт қилаётган, балиқчилик, асаларичилик ва ўзлари етиштирган хомашёни қайта ишлаш борасида яхши тажриба тўплаган илғор фермерлар, томорқа ер эгалари тажриба алмашди, фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться