Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таълим олиш ҳуқуқи кафолатланади
2017-10-18 | Таълим
“Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.
Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.
Мактаб ишлари давлат назоратидадир”.
(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 41-модда).
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда вояга етмаганлар бўйича идоралараро республика комиссияси билан ҳамкорликда “Таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш механизмларини такомиллаштириш” мавзуида ташкил этилган давра суҳбатида таълим олишнинг ҳуқуқий кафолатларига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Унда қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси аъзолари, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик таълим тизими жорий этилди. Касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантиришнинг янги механизмлари ишлаб чиқилаётир. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, таълимда давлат сектори билан бир қаторда хусусий секторнинг ривожланиши учун шарт-шароитларнинг яратилаётганлиги ёш авлоднинг пухта ва сифатли билим олиши йўлидаги энг тўғри қарор бўлгани алоҳида таъкидланди.
Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини янада кенгайтиради. Зеро, Бош қомусимизда ҳар кимнинг билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, бепул умумий таълим олиши давлат томонидан кафолатлангани белгилаб қўйилган. Унга кўра, ёшларнинг таълим олиш кафолатлари Оила кодекси, “Таълим тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқининг таъминланаётганлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қатор тузилмалари томонидан эътироф этилгани таъкидланди. Депутатларнинг жойларда хақиқий ҳолатни ўрганиш юзасидан олиб бораётган фаолияти давомида ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқининг таъминланиши юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли томонидан қўллаб-қувватланаётгани қайд этилди.
– Айрим ота-оналар томонидан яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига қонуний мажбуриятларини бажармаслик ҳолатлари мавжудлиги барчани ташвишга солмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Жамолиддинова. – Биргина Андижон вилоятидаги таълим муассасаларининг ҳолати ўрганилганда 500 дан ортиқ ўқувчи умуман дарсларга қатнашмаётгани аниқланди. Шу боис қонун ҳужжатларида ота-оналар жавобгарлигини кучайтирувчи чоралар белгиланиши ва ушбу масала кенг жамоатчилик ва мутахассислар, тегишли давлат идоралари, маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда муҳокама қилиниши мақсадга мувофиқ.
Тадбирда таъкидланганидек, жойларда вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиялари томонидан олиб борилган мониторинг натижасига кўра, 2014-2016 йиллар давомида 50 мингга яқин ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги ўз мажбуриятларини бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Вояга етмаганларнинг назоратсиз ва қаровсиз қолишлари натижасида эса, уларнинг 32 минг 968 нафари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик, 6 минг 850 нафари томонидан жиноят содир этилишига йўл қўйилган.
Ўтказилаётган профилактик чора-тадбирлар ҳамда жавобгарликка тортиш бўйича кўрилаётган чоралар ўзининг кутилган натижасини бермаётганлиги таъкидланди.
Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги мажбуриятларини янада оширишда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг ролини ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбирда айрим қонун хужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Манба: ЎзА