Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбир атоқли давлат арбоби ва адиб хотирасига бағишланди
2017-10-16 | Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида давлат ва жамоат ташкилотларида, таълим муассасалари ва маҳаллаларда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари бўлиб ўтмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Қарши шаҳрида ташкил этилди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакиллари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик иштирок этган тадбирда Шароф Рашидов ғоят мураккаб ва оғир йилларда республикамизни бошқаргани, мустабид тузумнинг турли тўсиқларига қарамай, Ўзбекистон тараққиёти йўлида сидқидилдан хизмат қилгани таъкидланди.
Қашқадарё вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожида ҳам Шароф Рашидовнинг ҳиссаси катта бўлган. Хусусан, Қарши чўлларини ўзлаштириш таклифи 1961 йили, Шароф Рашидов республикамизга раҳбарлик қилган даврда тасдиқланган. Мазкур лойиҳага кўра, Амударё суви катта қувватли машиналар ёрдамида бир неча ўн метр баландликка кўтариб берилиши, икки канал – Қарши ва Шўрсув тармоғи қурилиши, 1,8 миллиард куб метр сув сиғимига эга Таллимаржон ва Шўрсой сув омбори барпо этилиши натижасида Қарши даштида 905 минг гектар ер ўзлаштирилиши режалаштирилган. 1964 йили 77 километр узунликдаги 6 йирик насос станцияси ва Қарши магистраль канали қурилиши бошланган. Амударё сувини 152 метр баландликка кўтариб берувчи 6 насос станцияси қурилган.
Қарши чўлининг ўзлаштирилиши туфайли шахсан Шароф Рашидов ташаббуси билан 1964 йилда Қашқадарё вилояти қайтадан ташкил этилган. Чўлнинг ўзлаштирилиши натижасида 46 совхоз, Касби, Усмон Юсупов, Нишон, Муборак, Баҳористон ҳамда Таллимаржон туманлари ташкил этилган. Қарши чўлидаги дашт ерларга сув келиши у ерда яшаётган аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилди.
Шароф Рашидов даврида Қарши чўлида ташкил этилган туманларда кўплаб саноат корхоналари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан, Муборак газни қайта ишлаш заводи юртимиздаги ягона ва илк газни қайта ишлаш заводи сифатида барпо этилди. Унинг негизида газчилар шаҳри Муборак шаҳри вужудга келди. Қарши шаҳрида ишлаб чиқариш кенгайди. Масалан, Қарши ёғ-экстракция заводи қурилди, тикувчилик фабрикаси ишга туширилди. Йирик агросаноат корхоналари иш бошлади.
Манба: ЎзА