Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тожикистон маданияти кунлари таассуротларга бой бўлди
2017-10-16 | Жамият
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида 13 октябрь куни Тожикистон маданияти кунларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Дунёда мамлакатлар кўп, халқлар ҳам турли-туман. Улар гоҳо айро тилларда сўзлашса-да, кўп асрлик умумий тарих, маданий-маънавий муштараклик элларни, дилларни боғловчи муҳим омил бўлиб келган. Хусусан, ўзбек ва тожик халқларининг ўхшаш урф-одат ва санъати ана шундай маданий мулоқот шаклларини топиш, ютуқлар билан алмашишга имкон берган.
Бугун ҳам бу каби анъаналар давом этмоқда. Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари ўтказилгани ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков, Тожикистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари И.Машрабов ва бошқалар мазкур фестиваль санъат, маданият ва маънавият соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилганини таъкидлади. Мамлакатларимиз раҳбарларининг учрашув ва мулоқотлари ўзаро ишончга асосланган ижтимоий-иқтисодий алоқаларни мазмунан бойитиб, ижодий муваффақиятларни рағбатлантириш учун зарур шароит яратишга асос бўлмоқда.
Маданият кунлари доирасида ташкил этилган тадбирларда тожикистонлик санъат усталарининг дўстлик ва тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари янгради. “Замонавий Тожикистон” номли фотокўргазма, мўйқалам усталарининг ижод намуналари, ёзувчи ва шоирларнинг китоблари тақдимоти таассуротларга бой бўлди. Ташкил этилган турли байрам кечалари санъат намояндалари билан унутилмас учрашув онларини тақдим этди. Шунингдек, тожикистонлик киноижодкор Носир Саидов томонидан суратга олинган “Акси йўқ кўзгу” ва “Муаллим” бадиий фильмлари намойиши бўлиб ўтди. Халқаро кинофестивалларда муваффақият қозонган мазкур картиналар ҳалоллик ва софдиллик сингари инсоний кечинмалар ҳақида ҳикоя қилади.
– Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланаётир, – деди Тожикистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари И.Машрабов. – Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва маданий ҳамкорлик алоқалари ана шундай байрамлар ва тадбирларда янада мустаҳкамланмоқда. Маданият кунлари давомида намойиш этилган бадиий чиқишлар ва ижодий учрашувлар ўзбекистонлик санъат ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Тожикистон маданияти кунларининг ёпилиш маросими кўтаринки ва байрамона руҳда ўтди.
– Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотувликда ҳаёт кечирмоқда, – дейди юртдошимиз Ш.Нуруллаева. – Турли тўю тантаналар, байраму сайллар биргаликда, ҳамжиҳатликда ўтади. Бугунги фестивалда ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ, туркман каби турли миллат вакиллари иштирок этаётгани фикримизнинг ёрқин мисоли. Бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши турли халқларнинг маданияти билан янада яқинроқ танишиш учун шароит яратади.
Тожикистон маданияти кунлари икки мамлакат санъаткорларининг концерт дастури билан якунланди.
Манба: ЎзА