Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон эртапишар навлар селекцияси бўйича дунёда пешқадам
2017-10-16 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон пахтасининг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашда Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг аҳамияти юқори бўлмоқда. Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси (ICAC)нинг энг муҳим тадбирлари реестрига киритилгани боис мазкур анжуман дунё миқёсида пахта бозори сиёсатини белгиловчи нуфузли анжуманлардан бирига айланди.
Бу йил мазкур ярмарка ўн учинчи бор ташкил этилмоқда. Халқаро тадбирнинг самарали ўтишини таъминлаш, иштирокчиларини мамлакатимиз пахта етиштириш соҳасидаги сўнгги янгиликлар ва ютуқлар билан батафсил таништириш мақсадида тайёргарлик ишлари қизғин кечмоқда. Жумладан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий –ишлаб чиқариш марказида ҳам ярмаркага пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Марказда 200 дан ортиқ нав яратилган. Селекционерларимиз янги навларни яратишда биринчи навбатда бозор талабини ҳисобга олмоқда. Бунда толаси пишиқ, узун, касалликларга чидамли, эртапишар навлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кўпчилик яхши эслайди, декабрда ҳам далаларда кўсак териларди. Ҳозир барча кўсаклар октябрнинг 15-20 саналарига қадар очилмоқда. Муддат қарийб икки ойга қисқарди. Шунингдек, селекционерларимиз тола чиқишини 34-40 фоизгача, узунлигини 32-35 миллиметргача, битта кўсакдаги пахта вазнини эса 6-7, ҳатто 8-10 граммгача оширишга эришмоқда.
Бу борада эришилаётган натижалар Германиянинг “Cotton Outlook” журналида бир неча бор эътироф этилган. Нашр мутахассисларининг таъкидлашича, Ўзбекистон пахта етиштириш технологиясининг икки йўналишида, яъни кўсак қуртини кенг қамровли назорат қилиш ва эртапишар навлар селекцияси дастури бўйича дунёда пешқадам.
Марказ тизимидаги Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ҳам қатор ютуқларга эришмоқда. Илмий жамоа минтақамиз иқлим шароитига мос ғўза навларини яратиш, уларга ишлов бериш технологияларини такомиллаштириш, табиий ресурсларни тежаш ва деҳқонлар манфаатдорлигини оширишга хизмат қиладиган илғор усулларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Институтда ғўзани парваришлаш агротадбирларини такомиллаштириш, ресурс тежамкор технологияларни ишлаб чиқиш, илм-фан ютуқлари ва илғор тажрибани пахтачиликка кенг жорий этишга қаратилган кенг қамровли тадқиқотлар давом этмоқда. Жумладан, ғўза ва ғўза мажмуидаги экинларни парваришлашда ўрганилаётган янги агротехнологиялар ёрдамида пахта ҳосилини гектарига 2-3 центнерга ошириб, умумий ишлаб чиқариш харажатларини гектарига 15-20 фоиз камайтириш мумкинлиги исботланди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун замонавий деҳқончиликнинг илмий асослари ишлаб чиқилиб, турли табиий иқлим шароитида тупроқ унумдорлигини оширадиган ғўза ва издош зироатлар етиштириш, алмашлаб ва навбатлаб экишнинг ғўза, ғалла ва бошқа ўттиздан ортиқ экинни етиштириш технологиялари такомиллаштирилди.
Соҳага ёшлар ҳам дадил кириб келмоқда. Шу йилнинг ўтган даврида 10 дан ортиқ ёш изланувчи ғўза селекцияси, уруғ сифатини яхшилаш ва юқори ҳосил олишга қаратилган илмий диссертацияларини ҳимоя қилди.
– Агротехнология бузилса, яхши уруғдан ҳам мўл ҳосил олиб бўлмайди, – дейди институт катта илмий ходими, ёш олим Мирзоолим Авлиёқулов. – Чунки, ҳосилдорликда кўчат қалинлиги, ўғит меъёри ва суғориш тартибининг ўз ўрни бор. Ана шу ҳолатларни эътиборга олиб, яратилаётган янги навларнинг агротехнологиясини ишлаб чиқиш борасида изланишлар олиб бораяпман. Ҳозир ғўзанинг сувга бўлган талабини тезкор аниқлашда электрон рефрактометрдан фойдаланмоқдамиз. Бунда вақтни тежашга ва суғориш муддатини ўз вақтида аниқлашга эришилмоқда. Далада тупроқнинг шўрланиш даражасини тезкор аниқлаш усуллари ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Навбатдаги пахта ярмаркаси ҳам илм-фан янгиликларини оммалаштириш, тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш билан бир қаторда ўзбек пахтасининг жаҳон бозорига янада жадал кириб бориши учун самарали восита бўлиб хизмат қилади.
Манба: ЎзА