Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Йилнинг энг яхши тўгарак раҳбари" кўрик-танлови ўтказилди
2017-10-15 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан "Йилнинг энг яхши тўгарак раҳбари" кўрик-танлови ўтказилди.
Халқ таълими вазирининг ўринбосари А.Саъдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларга пухта билим бериш, юксак маънавият соҳиби этиб камолга етказиш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Ўқувчиларнинг бўш вақтини унумли ва оқилона ташкил этиш, уларнинг истеъдодини кашф қилиш, касбларга бўлган қизиқишини шакллантиришда "Баркамол авлод" болалар марказларининг аҳамияти беқиёс. Бугунги кунда уларда фаолият кўрсатаётган педагоглар болаларнинг қизиқишини тўғри йўналтириш, уларнинг билим олишга бўлган иштиёқини кучайтириш, истеъдодини эрта аниқлашга фаол ҳисса қўшмоқда.
"Йилнинг энг яхши тўгарак раҳбари" танловидан кўзланган мақсад "Баркамол авлод" болалар марказларида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, самарали натижаларга эришган педагогларнинг иш тажрибасини оммалаштиришдан иборатдир.
Лойиҳанинг илк босқичларида мамлакатимиздаги барча "Баркамол авлод" болалар марказларининг вакиллари фаол иштирок этди. Якуний босқичда қатнашчиларнинг услубий-педагогик фаоллиги, тўгарак ишининг самарадорлиги, амалий машғулот, тест топшириқлари, ўқувчиларни тўгаракларга тобора кўпроқ жалб этиш борасидаги билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди.
Танлов якунига кўра, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани "Баркамол авлод" болалар марказининг "Мунчоқли безак" тўгараги раҳбари Тўхтажон Йўлдошева биринчи ўринга муносиб топилди. Жиззах вилояти "Баркамол авлод" болалар марказининг "Карвинг" тўгараги раҳбари Жамилахон Ўктамова иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўринга Навоий вилояти Зарафшон шаҳар "Баркамол авлод" болалар марказининг "Ёш қандолатчи" тўгараги раҳбари Дилноза Бозорова сазовор бўлди.
Манба: ЎзА