Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тожикистон маданияти кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди
2017-10-12 | Маданият
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида ташкил этилган маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, тожикистонлик санъат ва маданият намояндалари, ёшлар, мухлислар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, Тожикистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари И.Машрабов ва бошқалар халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча жабҳалар қатори маданият соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Бу каби маданий-маърифий тадбирлар халқларимизнинг бой анъана ва қадриятларини, санъат соҳасидаги ютуқларини кенг намойиш этиш билан бирга, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тожикистон маданияти кунлари доирасида Тошкентда ўтказилаётган "Замонавий Тожикистон" номли фото ва мўйқалам усталарининг ижод намуналари кўргазмаси, халқ ҳунармандлари маҳсулотлари намойиши таассуротларга бой бўлмоқда. Ушбу тадбирлар давомида ўтказилган мулоқотларда ўзбек ва тожик халқларининг асрлар давомида ёнма-ён яшаб, бир-бирининг маданияти ва санъатини бойитиб келгани, бу анъаналар бугун янги босқичда давом эттирилаётгани таъкидланди.
Кечада Тожикистон санъат намояндалари томонидан намойиш этилган концерт иштирокчиларга мумтоз куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлиш имкониятини туҳфа этди.
Манба: ЎзА