Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

«Ўзэкспомарказ»да Тожикистон Республикаси миллий маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси иш бошлади

2017-10-12 | Жамият

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тожикистон Республикаси Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш қўмитаси, Саноат ва янги технологиялар вазирлиги, «Тожикинвест» ДУК ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Тожикистон Республикасининг нефть-газ, қурилиш, транспорт, фойдали қазилмалар, агросаноат, фармакология, енгил саноат, қайта ишлаш соҳалари, соғлиқни сақлаш, таълим, фан-техника, туризм каби тармоқларида фаолият кўрсатаётган 150 дан зиёд компаниялари вакиллари, тадбиркорлар қатнашмоқда.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган. Икки давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор халқларимиз туб манфаатларига хизмат қилмоқда. Ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар, маданий-гуманитар соҳадаги мулоқотнинг кенгайтирилаётгани халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яқин қўшничиликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Тожикистон Республикаси Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш қўмитаси раиси Файзиддин Қаҳҳорзода ва бошқалар Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик халқларимизнинг асрлар давомида шаклланган яхши қўшничилик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга интилишини мужассам этишини таъкидлади. Мамлакатларимиз ўзаро самарали ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий соҳада қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан манфаатдор экани қайд этилди. 

Жорий йил апрель ойида Душанбе шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон саноат корхоналари маҳсулотлари миллий кўргазмаси ҳамда икки давлат ишбилармонлари бизнес-форуми савдо-иқтисодий алоқалар ривожида янги саҳифа очди. Ушбу тадбирлар якунида тадбиркорларимиз ўртасида ўзаро манфаатли битимлар имзоланди. Июнь ойида Ўзбекистон делегациясининг Тожикистонга ташрифи чоғида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилди.

 
– Мамлакатимиз Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди, – дейди Тожикистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Манзура Рустамова. – Мазкур форумдан кўзланган мақсад икки давлат ишбилармонларининг савдо алоқаларини кенгайтириш, янги қўшма корхоналар сони ва икки томонлама маҳсулот айланмаси ҳажмини оширишдан иборат. Ушбу кўргазмага пухта ҳозирлик кўрилди. Тадбир доирасида имзоланадиган барча келишувлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

– 2014 йил ташкил этилган компаниямиз М-400, М-500 ва М-600 маркали цемент турларини ишлаб чиқаради, – дейди «Чжунгтсай моҳир цемент» МЧЖ раҳбари Дилафрўз Шерова. – Жорий йил бошида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ушбу саноат маҳсулотини етказиб бериш бўйича шартнома тузган эдик. Ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятидаги қурилиш объектларига цемент етказиб бермоқдамиз. Мазкур кўргазмада янги ҳамкорлар излаб топиш ва истиқболли шартномалар имзолаш ниятидамиз. 

«Хўжанд текстиль» масъулияти чекланган жамияти Россия, Беларусь, Туркия, Эрон каби давлатларга тайёр тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилади. Корхона мазкур кўргазмадаги иштироки орқали Ўзбекистон бозорига маҳсулот экспорт қилишни йўлга қўйишни мақсад қилган. 

– Корхонамиз газлама, сочиқбоп мато, тайёр тикувчилик маҳсулотлари ва бўялган ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди корхона директори Раҳим Набиев. – 100 фоиз пахта толасидан тайёрланган маҳсулотларимизга жаҳон бозорида қизиқиш катта. Тадбирда Ўзбекистондаги тўқимачилик компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шартнома имзолашга муваффақ бўлдик. Мамлакатингиз ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда жаҳоннинг етакчи давлатлари бозорини забт этишимизга ишонамиз.
 
Тожикистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси доирасида икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес-форуми ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг енгил саноат, энергетика, машинасозлик, металлургия, автомобилсозлик, транспорт-логистика, озиқ-овқат, кимё саноати, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, туризм каби соҳаларга ихтисослашган вазирлик, компания ва фирмалари вакиллари иштирок этди. 

Бизнес-форумда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётгани, Ўзбекистонда хорижлик ҳамкорлар учун яратилаётган қулай инвестициявий муҳит, тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар тожикистонлик ишбилармонлар учун ҳам кенг имкониятлар яратаётгани таъкидланди. Икки мамлакат иқтисодиётининг етакчи тармоқлари салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. 

Тадбир доирасида кимё, транспорт коммуникациялари, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, саноат ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича истиқболли келишувларга эришилди.

 

Матназар Элмуродов, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться