Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг навбатдаги хайрия акцияси
2017-10-10 | Жамият
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, халқимизга сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишларга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида фонд томонидан тиббий-ижтимоий муассасалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйлари, махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида дори-дармонлар, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечаклар, озиқ-овқат маҳсулотлари, спорт инвентарларидан иборат мурувват ёрдамлари топшириб келинмоқда.
Бу борада фонд халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиб, турли ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Хусусан, жорий йилда Туркиянинг ТИКА халқаро ташкилоти ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик битими доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондида ташкил этилган навбатдаги хайрия тадбирида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси С.Иномова ва бошқалар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида аҳоли, айниқса, болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, жисмоний имконияти чекланганларнинг жамиятда муносиб яшашини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, миллат генофондини мустаҳкамлашда юксак самараларини бераётганини таъкидлади.
Хайрия тадбирида ТИКА халқаро ташкилоти томонидан жисмоний имконияти чекланган инсонларга 150 та ногиронлик аравачаси топширилди. Ушбу аравачалар Тошкент, Фарғона ва Навоий вилоятларида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон болалар ва аёлларга берилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда тиббий-ижтимоий соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар натижалари хусусида маълумот берилди.
Манба: ЎзА