Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштиришнинг янги механизми
2017-10-09 | Таълим
Таълим ва тарбияни мустаҳкамлаш, сиҳат-саломатликни кафолатлаш юртимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор мақсади ҳисобланади. Ҳар бир инсоннинг малакали касб-ҳунар эгаллаш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишга оид ҳуқуқлари Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган.
Айни пайтда таълим ва тиббиёт тизимида айрим муаммолар кўзга ташланмоқдаки, бу уларнинг молия йўналишидаги камчиликлари ҳисобига юзага келаётганини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссиянинг жойларда ўтказаётган ўрганишларида ҳам соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари (шифокор) молия-иқтисод соҳасида махсус билим ва малакага эга эмасликлари, бунинг натижасида маълум бир қийинчиликларга дуч келинаётгани аён бўлди. Яъни таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳар бир муассаса юридик мақомга эга бўлгани туфайли бюджетдан маблағ ажратилиши ҳамда уларнинг сарфланиши юзасидан ҳисоботлар ва турли маълумотларни молия, ғазначилик ҳамда солиқ органларига алоҳида тақдим этиб келган. Қисқача айтганда, молиялаштириш тизими етарли даражада ташкил қилинмаган эди.
Амалдаги тартибларга кўра, ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш ишлари давлат инвестиция дастурлари асосида бажариб келинмоқда. Лекин бу бинолардан кейинчалик фойдаланиш ва уларни лозим даражада сақлаш учун туман (шаҳар) бюджет муассасаларида имкониятлар етарли эмас эди, айрим ҳолларда кичик таъмирлаш билан боғлиқ ишлар ишчи-ходимлар ёки ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан бажарилган.
Бугунги кунда ўта долзарб саналган ушбу масалалар мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан ўз ечимини топди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, эндиликда таълим ва тиббиёт муассасаларида ҳисоб-китоб ҳамда ҳисобот механизмларининг шаффофлигини таъминлаш ва такомиллаштириш, шунингдек, замонавий ахборот технологиялари ҳамда халқаро тан олинган молиявий назорат стандартларини жорий этиш йўли билан бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатларининг олдини олиш профилактикаси ва огоҳлантиришга йўналтирилган давлат молиявий назорати тубдан қайта кўриб чиқиладиган бўлди.
Халқ таълими туман (шаҳар) бўлимларида, туман тиббиёт бирлашмаларида марказлашган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил этилиши ушбу қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири, десак, муболаға бўлмайди. Яъни тизимдаги ҳар бир бюджет муассасасида ҳисоб-китоб ишларининг ягона тизимга бирлаштирилгани ҳисоб ва ҳисобот ишларини самарали ташкил қилиш билан бирга, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш тизимларидаги раҳбар ходимларга асосий фаолияти билан шуғулланишларига кўпроқ имкон беради. Бу, айниқса, таълим сифати ошиши, ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Соғлиқни сақлаш муассасаларида эса соғлом она ва соғлом бола концепциясини ривожлантириб, аҳоли саломатлигини таъминлашга эътибор кучаяди.
Имкониятлардан яна бири — халқ таълими бўлимлари ҳамда тиббиёт бирлашмаларида улар бўйсунувидаги ташкилот ва муассасаларнинг бино-иншоотларини эксплуатация қилиш, газ, сув, электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳамда уларни ҳисобга олиш асбоб-ускуналари ҳолатини мониторинг қилиб бориш, шунингдек, ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация бўлимлари ташкил этилишидир. Бунинг натижасида бино ва иншоотларни сақлаш учун замин яратилди.
Қарорда давлат молиявий назоратини такомиллаштириш бўйича Идоралараро кенгаш ташкил этилиб, давлат молиявий назорати ҳамда ички аудит фаолиятини ташкиллаштириш ва амалга оширишнинг халқаро тан олинган услублари ҳамда воситаларини жорий қилиш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш унинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Шу билан бирга, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида ички назоратни олиб бориш функцияси ҳам белгилаб берилди. Бунда бевосита марказлашган молия-бухгалтерия тизими билан бирга, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишига эришилади.
Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Комиссия томонидан жойларда тиббиёт тизими муассасалари фаолияти ўрганилганида, уларда, хусусан, қишлоқ оилавий поликлиникаларида дори-дармон ҳамда боғловчи воситаларни харид қилишда ҳар бир муассаса алоҳида тендер (танлов) савдоларида иштирок этиши, бу эса, қайсидир маънода, тиббиёт ходимларининг хўжалик-молия масалалари билан банд бўлиши, устига-устига, аҳолига керакли воситаларнинг ўз вақтида етказиб берилмаслигига, пировардида тиббий хизмат сифатининг пасайишига олиб келаётган эди. Эндиликда қарор билан мазкур муаммоларга барҳам берилиб, унинг аниқ механизмлари белгиланди. Чунончи, туман бўйича дори-дармон ва боғловчи воситаларни сотиб олишда туман тиббиёт бирлашмасининг ўзи тендер (танлов) савдоларида иштирок этади, дори-дармон ҳамда боғловчи воситаларни сотиб олади ва ҳар бир муассасага узлуксиз тарқатади.
Таълим ҳамда тиббиёт тизимидаги молиявий муносабатларнинг такомиллаштирилиши, шубҳасиз, ҳар иккала соҳани янада ривожлантиришга асос бўлади.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.
Манба: «Халқ сўзи»