Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг махсус тактик-ўқув машқлари якунланди.
Ўқув машқлари давомида икки давлат ҳарбий хизматчилари қўйилган мақсадга эришди, белгиланган вазифаларни муваффақиятли бажарди.
Олинган разведка маълумотларига кўра, режалаштирилган ҳаракатлар давомида шартли душманнинг моддий таъминот базалари, техника воситалари ва тирик кучлари батамом яксон қилиниб, гаровга олинганлар озод қилинди.
Ўқув машқларида ноқонуний қуролланган кучлар жойлашган ҳудудда разведка ишларини олиб бориш, уларнинг моддий таъминот, қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларига шикаст етказиш ва йўқ қилиш, гаровга олинганларни озод қилиш ҳамда шартли бузғунчи кучларни батамом яксон қилиш бўйича тегишли усуллари ишлаб чиқилди.
Машғулотларнинг сўнгги кунида икки давлат ҳарбий хизматчилари ўтиш мураккаб бўлган тоғли ҳудудларда ноқонуний қуролланган кучларни йўқ қилиш бўйича аксилтеррор операциясини амалга оширди.
– Машқларда кўзланган мақсадларга эришилди, – дейди майор Азамат Жабборов. – Бўлинмалар ҳаракати жараёнида энг самарали усулларни қўллашга, ўқув-жанговар вазифаларни кам вақт ва куч сарфлаб бажаришга ҳаракат қилдик. Сафдошларим ва қўл остимдаги ҳарбий хизматчиларнинг машғулотларда мураккаб рельеф ва ноқулай иқлим шароитида жанговар ҳаракатларни олиб бориш кўникмасини оширгани бизга жуда қўл келди.
Тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм, экстремизм каби глобал таҳдидларга қарши курашиш, мураккаб тоғ шароитида ноқонуний қуролланган кучларни йўқ қилиш бўйича ўтказилган ҳамкорликдаги машқларнинг тантанали ёпилиш маросимида Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари – Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Павел Эргашев, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги штаб бошлиғи ўринбосари генерал-майор Рустам Миннекаев ва бошқалар мазкур машқлар муваффақиятли якунланганини қайд этди. Аксилтеррор операциясида ўқув-жанговар топшириқларни муваффақиятли бажарган ҳарбий хизматчилар – Ўзбекистон томонидан майор Азамат Жабборов, майор Хуршид Мамадалиев, кичик сержант Ҳабибулло Холбоев, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Достон Маматов, Россия томонидан взвод командири, катта лейтенант Сергей Баромыко, сержант Буян Кенден, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Амир Килик тақдирланди.
– Ўзбекистон бизда катта таассурот қолдирди, – дейди лейтенант Евгений Еранцев. – Жанговар тайёргарлик борасида сизларда ўзига хосликлар бор экан. Яхшигина тажриба орттирдик. Дала ўқув майдонининг мукаммал жиҳозлангани, бу ердаги шароитлар машқларнинг самарали ўтишига асос бўлди.
Махсус тактик-ўқув машқлари якунига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округининг ашула ва рақс ансамбллари концерт дастури намойиш этди.
Тошқул Бекназаров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА