Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бозорларимизда қулай шароитлар яратилмоқда. Бироқ...
2017-10-06 | Жамият
Мамлакатимизда бозорлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатиш даражасини юксалтириш, сотувчи ва харидорлар учун қулай шарт-шароит яратиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Дастурнинг амалга оширилиши деҳқон бозорларининг сони ва ҳудуди мақбуллаштирилиши, уларнинг майдонларидан ва инфратузилма объектларидан самарали фойдаланилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилиши, харидорлар учун қулай савдо муҳити яратилиши, савдони ҳисоб-китоб терминаллари орқали ташкил этиш ҳисобига банкдан ташқари нақд пул маблағлари айланмаси қисқаришини, шунингдек, мамлакатимизда 2020 йилгача деҳқон бозорлари тўлиқ реконструкция қилинишини таъминлайди. 21 та деҳқон бозори ҳудудида янги замонавий савдо мажмуаларини қуриш ишлари бошлаб юборилган.
Шундай шарт-шароитлар яратилишига қарамасдан айрим “уддабурон” тадбиркорлар томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида турли қоидабузарлик ҳолатлари содир этилмоқда. Мазкур қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудидаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилиш борасида Давлат солиқ қўмитаси бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг 1 сентябрига қадар жами 10 мингдан ортиқ солиқ текшируви ўтказилган.
Ўтказилган текширишларда қарийб 1 минг 760 ҳолатда назорат-касса машинаси ўрнатилмагани, 5 минг 526 ҳолатда назорат-касса машинаси чекини бермаслик, 4 минг 350 ҳолатда 10,7 миллиард сўм миқдорида нақд пул тушумини банкка топширмаслик, 21 ҳолатда тўловларни банк пластик карточкасида қабул қилишни рад этиш ва 484 ҳолатда тўловда нархни сунъий равишда ошириш ҳолатлари аниқланиб, 5 минг 300 га яқин ҳуқуқбузарга нисбатан жами 982,6 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима ва 3 минг 483 материал бўйича 15,1 миллиард сўмлик молиявий жарималар қўлланилиб, 67 та материал бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.
Мазкур рақамлар жорий йилнинг 8 ойи якуни билан шаклланганига эътибор қаратадиган бўлсак, тадбиркорлар ҳуқуқбузарликлари туфайли ўзига қанчадан-қанча моддий зарар етказаёганлигини кўришимиз мумкин.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқбузарликларнинг қарийб 44 фоизи давлат рўйхатидан ўтмасдан савдо ёки хизмат кўрсатиш фаолиятига тўғри келмоқда. Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ жисмоний шахслар томонидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият турлари билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланганда давлат солиқ хизмати органлари фаолиятнинг тегишли тури бўйича қатъий белгиланган солиқнинг ўрнатилган ставкасидан келиб чиқиб, бир йиллик миқдордаги суммасини бир вақтнинг ўзида ундиради, агар давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланган санадан бошлаб ўттиз кун мобайнида жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор сифатида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ҳоллар бундан мустасно. Бундай жисмоний шахсга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда қатъий белгиланган солиқнинг ҳисобланган йиллик суммасини ўн икки ой мобайнида ушбу давр учун қатъий белгиланган солиқ бўйича келгуси солиқ мажбуриятлари ҳисобига тўлаш ҳуқуқи берилади.
Шу ўринда айтиш зарурки, ҳуқуқбузарлик оқибатида ўзига ва халқ манфаатларига зарар етказмаслик учун тадбиркор авваламбор ўзи шуғулланаётган фаолият тури бўйича амалдаги қонунчиликни пухта билиши лозим, бу билан тадбиркор ўз фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш орқали содир этиши мумкин бўлган қоидабузарликни ҳамда унинг натижасида қўлланиши мумкин бўлган жарималарнинг олдини олган бўлади.
Бугунги кунда ахборот технологиялари ҳар бир соҳага чуқур кириб келган. Тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий www.soliq.uz сайтида солиқ ва солиққа оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан кенгроқ танишиш, бошқа кўплаб имконият ва қулайликлар яратилган. Шу туфайли юридик ва жисмоний шахслар солиқ идораларига бормасдан туриб, интерактив хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга.
Манба: ЎзА