Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маъмурий ислоҳотлар тараққиётимизга хизмат қилади
2017-10-05 | Жамият
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда қатор вазирлик, идоралар, олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилган илмий-амалий конференцияда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳияти ўрганилди.
Унда сўзга чиққанлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизация қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини, бугунги кунда давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли тизимини яратиш, давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этиш долзарб вазифа саналишини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Пировард мақсад эса “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғояни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга қаратилган.
Конференцияда Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг сўзсиз амалга оширилишидан мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар ҳам манфаатдор экани қайд этилди. Хусусан, концепцияда кўзда тутилган вазифалар O‘zLiDePнинг иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳаларда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, хусусий секторнинг самарали фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлашга қаратилган дастурий фаолиятига тўла мос келади.
Тадбирда иштирокчилар Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг мазмун-моҳиятини, унинг асосий мақсад-вазифалари, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини либераллаштириш тамойиллари, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигини такомиллаштириш, профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштиришнинг замонавий шакллари, инновацион ғоялар, ишланмаларни жорий этиш, коррупцияга қарши курашиш каби масалаларни муҳокама қилди.
O‘zLiDePнинг “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлигини изчил ошириш, ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан аҳоли муаммоларининг ҳал қилиниши, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назорати механизмларини кенгайтиришда фаол иштирокини таъминлаш хусусида фикр алмашилди.
Манба: ЎзА