Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ягона ўлчаш бирлигини таъминлаш такомиллашмоқда
2017-10-04 | Жамият
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида «Ўзстандарт» агентлиги томонидан «Республика ҳудудида ягона ўлчаш бирлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар: муаммо ва ечим» мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.
Ягона ўлчаш бирлигини таъминлаш тизими Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»ги қонуни 12-моддасига асосан давлат метрология текшируви ва назорати механизмлари асосида амалга оширилади. Агентлик тизимидаги «Ўзбекистон миллий метрология институти» давлат корхонаси ҳозирги кунда 15 ўлчаш тури бўйича ўлчаш воситаларини қиёслаш, калибрлаш, метрологик аттестация қилиш ишларини олиб бормоқда. Корхона тизимида битта сертификатлаштириш идораси фаолият кўрсатмоқда.
Корхона метрология соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, бириктирилган ҳудудларда ўлчаш бирлиги ва ишончлилигини таъминлаш, юқори аниқликдаги бошланғич ва намунавий ўлчаш воситаларини сақлаш ва тегишли даражада сақлаб туриш, мавжуд юқори аниқликдаги ўлчаш воситалари ва усулларини такомиллаштириш, янгиларини яратиш, ўлчаш, назорат ва синаш воситаларини стандартлаштириш каби вазифаларни бажаради.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун корхона лабораторияларида 155 юқори аниқликдаги бирламчи ва 679 намунавий ўлчаш воситаси мавжуд. Шунингдек, узунлик, масса, босим, вақт ва частота, ўзгарувчан ток кучланиши, индуктивлик, электр сиғими, сув сарфи ва миқдори каби 10 миллий бошланғич эталон, яъни юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларидан фойдаланилмоқда. Бу эса мамлакатимизда 700 дан ортиқ юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини қиёслаш имконини беради.
2012-2016 йилларда лабораторияларни ривожлантириш учун 165 намунавий ўлчаш воситаси харид қилиниб, 341 янги турдаги ўлчаш воситасини қиёслашга аккредитация доираси кенгайтирилган. Лабораторияларда қўлланиладиган ўлчаш ва синаш воситаларини модернизация қилиш ва янги турдаги ўлчаш усулларини ўзлаштириш натижасида 2016 йил 2 миллион 252 минг дона ўлчаш воситаси метрологик текширувдан ўтказилди. Жойларда метрологик хизматнинг ривожланиши натижасида вилоятлардан Тошкент шаҳрига қиёслаш учун ўлчов воситалари олиб келиш зарурати камайди.
– Жорий йилда аҳоли ва ишлаб чиқарувчи ташкилотларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида 3, ҳудудларда 33 метрологик хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди, – дейди «Ўзбекистон миллий метрология институти» давлат корхонаси директори Дониёр Қодиров. – Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида 2018-2020 йиллар давомида яна 13 хизмат кўрсатиш шохобчасини ташкил этиш ва замонавий ўлчов воситалари билан таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, 2018-2021 йиллар учун миллий эталон базасини ривожлантириш учун 15 дона эталон харид қилинади. Натижада юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини қиёслаш учун хорижга олиб чиқиш зарурати қолмайди.
Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Манба: ЎзА