Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча равишда 100 сўмдан пул тўланмоқда
2017-10-04 | Иқтисодиёт
Бугунги кунда ким билан суҳбатлашманг, мавзу иқтисодиётимизнинг таянчларидан бири – пахта йиғим-терими мавсумига бориб тақалади. Деҳқону фермерларимизнинг йил бўйи қилган машаққатли меҳнати самараси далаларда бўй кўрсатди – чаноқлардаги “оқ олтин” дур каби оппоқ бўлиб очилмоқда.
Жорий йилда мамлакатимиз далаларида тупроқ-иқлим шароитига мос, серҳосил навларни танлаш, ерни экишга тайёрлаш, уруғни ўз вақтида қадаш, ғўза қатор ораларига оби тобида ишлов беришга доир агротехник тадбирлар сифатли ўтказилгани туфайли майдонларда мўл ҳосил етиштирилди.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, бу йил ҳосил ҳар йилгидан салмоқли бўлиб, теримга пухта тайёргарлик кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 сентябрдаги «2017 йил ҳосили пахта хом ашёсининг харид нархлари тўғрисида»ги қарори пахта йиғимида иштирок этаётган теримчиларнинг манфаатдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, 1 октябрдан бошлаб қўлда терилган 1 килограмм пахта учун 500 сўм, машинада терилган 1 тонна хомашё учун 260 минг сўм ҳақ тўланмоқда. Пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига теримчиларга меҳнат ҳақини ҳар беш кунда, зарурат бўлганда эса ҳар куни тўлаш тавсия этилди.
Ҳар бир килограмм пахта учун белгиланган нархнинг ўтган йилга нисбатан икки баробарга оширилгани терим мавсумига уюшмаган ёшлар ва аҳолини ихтиёрий равишда жалб қилишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, меҳнат ресурслари етишмайдиган ҳудудлар – Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча равишда 100 сўмдан тўлаш тажрибаси қўлланмоқда.
Йиғим-теримни уюшқоқлик билан ўтказиш учун жойларда камида 100 нафар теримчидан иборат отрядлар ташкил этилди. «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти теримчилар отрядлари раҳбарларини пахта тозалаш корхоналари билан тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишга қабул қилгани ҳам мавсум янгиликларидан бири бўлди. «Агробанк» акциядорлик тижорат банки «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ташкилотларига теримчилар отрядлари раҳбарларига ўз вақтида иш ҳақи тўлаш учун 45 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратди.
Бир сўз билан айтганда, деҳқону фермерларимизнинг залворли меҳнатлари эвазига етиштирилган "оқ олтин”ни нест-нобуд қилмасдан ёғин-сочинли кунларга қолдирмай саранжомлашда барча имкониятлар тўлиқ сафарбар этилмоқда. Бу эса мамлакатимиз пахта хирмони юксак бўлишини таъминлайди.
Манба: ЎзА