Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Али Аболҳассаний: Сайлов юксак савияда, очиқ ва ошкора ўтмоқда
2015-03-29 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга келган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш жараёнини кузатмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги кузатишимни Тошкент шаҳридаги 471-сайлов участкасидан бошладим, – деди Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) кузатувчилари миссияси раҳбари, ИҲТнинг сиёсий департаменти директори Али Аболҳассаний. – Сайловчилар эрта тонгданоқ сайловга хушкайфиятда, кўтаринки руҳда, фаол келаётганини кўриб, мамлакат тақдирига, унинг келажагига дахлдорлик туйғуларини астойдил ҳис этишларини англадим. Бу мамлакатингизда демократик тамойиллар мустаҳкам қарор топаётганидан дарак беради.
Сайлов жараёнига пухта тайёргарлик кўрилганига, фуқароларнинг эркин ва фаол овоз бериши учун барча шароит ва имкониятлар яратилганига гувоҳ бўлдим. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда Президент сайлови юксак савияда, очиқлик ва ошкоралик руҳида ўтмоқда.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни кузатиб бораман. Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатингиз юксак иқтисодий кўрсаткичларга эришиб, дунё ҳамжамиятининг эътиборини қозонмоқда. Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон билан ташкилотимиз ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётгани бизни ғоят қувонтиради. Ўзаро алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий соҳадаги истиқболли қўшма лойиҳаларни фаоллаштириш тарафдоримиз.
Манба: ЎзА