Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Европа тикланиш ва ривожланиш банки делегацияси ташриф буюрди
2017-10-04 | Технологиялар
2 октябрь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Европа тикланиш ва ривожланиш банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталя Ханженкова бошчилигидаги делегация билан билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда вазирлик раҳбарияти мамлакатда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга оид ислоҳотлар хусусида маълумот берди. Шунингдек, мазкур йўналишда Европа тикланиш ва ривожланиш банки билан амалга ошириш мумкин бўлган истиқболли лойиҳалар, жумладан Ўзбекистонда халқаро интернет каналларига уланиш тезлигини ошириш, кенг полосали интернетни ҳамда оптик толали алоқа тармоқларини ривожлантиришда ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Меҳмонларга яқинда иш бошлаган Мирзо Улуғбек номидаги Инновация маркази фаолияти хусусида маълумот берилди ҳамда венчур капитали учун экотизимни яратиш ва ИТ-стартапларини қўллаб-қувватлаш бўйича сармоя киритиш ҳамда янги инновацион ғояларни илгари суриш таклиф қилинди.
Европа тикланиш ва ривожланиш банки томонидан учрашувда март ойида янгиланган ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан имзоланган англашув меморандумида кўзда тутилган кейинги режалар хусусида маълумот берилди. Жумладан, унга кўра банк мамлакатимизда коммунал хўжалик, транспорт, энергетика ва бошқа йўналишлар қаторида АКТ соҳасида ҳам ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдираётгани маълум бўлди. Шунга кўра, учрашув якунида инвестицион ҳамкорлик юзасидан лойиҳаларни экспертлар иштирокида ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Шунингдек, учрашувда Европа тикланиш ва ривожланиш банкининг Ўзбекистондаги вакили этиб тайинланган, келиб чиқиши грециялик бўлган Алкис Дракинос ҳам таништирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги