Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Академик лицейларда ўқиш муддати икки йил этиб белгиланади
2017-09-27 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 сентябрда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларда ўқиш муддати икки йил этиб белгиланади ва уларга ўқув-методик жиҳатдан раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Қарорда академик лицейлардан узоқ жойлашган ҳудудлардан қабул қилинган ўқувчилар белгиланган тартибда ётоқхона ҳамда ота-оналар тўлови ҳисобига (ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида) харажатларни қисман қоплаган ҳолда, имтиёзли озиқ-овқат билан таъминланиши белгилаб қўйилди.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар қабули тўхтатилаётган академик лицейларнинг 2 ва 3-босқич ўқувчилари мазкур академик лицейларда таълимни амалдаги ўқув дастурлари бўйича белгиланган тартибда якунлайдилар ва уларга давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломи берилади.
Манба: ЎзА