Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мамлакатимизда кейинги 10 йил ичида туризмнинг йилига 7 фоиздан ўсиб бориши башорат қилинмоқда

2017-09-27 | Туризм

Германиялик ҳамкасбимиз Фолькер Нефф хизмат сафари билан Ўзбекистонга келганида Тошкентда унга ҳамроҳлик қилдим. Мустақиллик майдонида, “Минор” масжидида, бозорларда, музейларда бўлдик, истироҳат боғларида, метрода сайр қилдик. Меҳмон дўстларимиз билан Хива ва Самарқанд шаҳарларига бориб келди. Кетар чоғида айтди: дунёнинг кўп давлатларида бўлганман, аммо Ўзбекистондагидай зўр ҳаяжон, катта таассурот олмадим. Бу диёр ўзгача файзли, Аллоҳ назаридаги юрт эканига яна бир бор амин бўлдим...

Бу каби эътирофларни юртимизга келган ҳар бир сайёҳдан эшитишимиз мумкин. Зеро, истиқлол йиллари юртимиз сайёҳлик салоҳияти янада ривож топиб, қадимий обидалари, муқаддас қадамжолари, хушманзара ва сўлим табиати, барқарор тинчлик ҳамда ҳамжиҳатлик муҳити, халқимизга хос меҳмондўстлик анъаналари билан сайёҳлар эътиборини тобора ўзига жалб этаётир.

Туризм, айниқса, XXI асрга келиб кенг тараққий этмоқда. Бугунги кунда туризм саноати дунёда энг илғор ва сердаромад соҳалардан бирига айланди. БМТ маълумотига кўра, дунёда 200 миллионга яқин киши ушбу соҳада меҳнат қилади, жаҳон иқтисодиётида халқаро туризмдан тушаётган даромад 1 триллион АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилмоқда, дунё бўйича сайёҳлар сони йилига 4-5 фоиз кўпайиб, ҳар йили бошқа давлатларга саёҳат қилувчилар сони 1 миллиарддан ошмоқда. 

Маълумки, Буюк Ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар рўйхатидан ўрин эгаллаган. Мамлакатимизда 7 мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик мавжуд. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган. Бугун юртимизда 800 дан ортиқ сайёҳлик ташкилоти фаолият кўрсатади, 600 дан зиёд замонавий меҳмонхона, сайёҳлик базаси ва кемпинг бор. Дам олиш масканлари йил сайин кўпайиб, хизмат кўрсатиш турлари ва сифати юксалиб бормоқда. Янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилаётгани, транспорт-коммуникация тизими халқаро стандартлар даражасига келтирилаётгани соҳа ривожига, мамлакатимизга келаётган сайёҳларнинг кўпайишига замин яратмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда туризмни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрлаган маълумотига кўра, 2017 йилнинг биринчи ярмида 1 миллион 125 минг сайёҳ юртимизга келган. Бу 2016 йилнинг мос даври билан солиштирганда 18 фоиз кўпдир. Шунингдек, маълумотда мамлакатимизда сайёҳлик хизматлари экспорти жорий йилнинг олти ойида 694,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилгани қайд этилган. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда туризм инфраструктураси халқаро стандартлар даражасида жадал ривожланмоқда. Мамлакатимизда туризм истиқболларининг янги қирралари кашф этилиб, турли йўналишларда кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда альпинизм, отда, туяда, велосипедда саёҳат қилиш, off-road сайёҳатлари, балиқ ови, рафтинг, хелиски, геотуризм, таълим туризми, тиббий туризм каби янги сайёҳлик йўналишлари оммалашмоқда. 

Бугунги замонавий туризм истиқболларидан бири – ноёб табиий масканлар ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Марказий Осиёда экотуризм энг ривожланган етакчи давлатдир. Юртимиз бой ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, бетакрор ландшафт манзараси, миллий анъаналар ва таомлар ошхонаси билан сайёҳлар эътиборини қозониб келади. Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи, унинг таркибига кирувчи Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси, Айдар-Арнасой кўллар тизими ва Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зоналарида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш концепцияси доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. 

Туризмни ривожлантиришнинг яна бир муҳим омили сайёҳлик логистикаси билан боғлиқ. Бугун Ўзбекистонда 11 халқаро аэропорт хизмат кўрсатади. Миллий авиакомпаниямиз замонавий авиалайнерлар билан таъминланган. Ушбу самолётлар Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Американинг 50 дан ортиқ шаҳрига мунтазам парвозларни амалга оширмоқда. 

Тошкентдан Самарқанд, Бухоро, Қарши шаҳарларига юқори тезликда ҳаракатланадиган замонавий электр поездларининг қатнови йўлга қўйилгани, Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ишга тушиши сайёҳлар учун қўшимча қулайлик яратди. 

Мамлакатимизда туризм ривожланар экан, соҳа ходимларига бўлган талаб ҳам кучая боради. Шу маънода, юртимизда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини муттасил ошириб бориш тизими ҳам яхши йўлга қўйилган. Бугун мамлакатимизда туризм йўналишида мутахассислар тайёрловчи 5 олий ўқув юрти, жумладан, Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг Тошкент филиали мавжуд бўлиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳар йили сайёҳлик соҳасида таълим олаётган ёшлар, соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларнинг Европа ҳамда Осиёнинг йирик сайёҳлик марказлари ва ўқув юртларида малака оширишига ёрдамлашмоқда. 

Соҳа истиқболида яна бир муҳим жиҳат – бу ҳудудлардаги барча маданий-тарихий мерос объектлари, табиий ўлкашунослик, миллий қўриқхона ҳудудларининг ягона маълумотлар базасини яратиш, туризм соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, минтақаларда туризмни ривожлантириш учун жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоатчилик кучларини бирлаштиришдан иборат. Бу борадаги изчил ишларни амалга оширишда мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган бўлиб, ҳар бир ҳудуд учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган ва жараён жадал давом этмоқда. 

Мамлакатимиз туризм индустрияси жадал ривожланишида хусусий секторнинг устувор иштирокини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозир 500 дан ортиқ тадбиркор туризм соҳасига жалб қилинган бўлиб, улар сувенир маҳсулотларини ишлаб чиқариш, меҳмонхона хўжалиги, сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келади. 

Яхши биламизки, туризмни ривожлантиришда хориж мамлакатларида бўлиб ўтадиган сайёҳлик намойишлари муҳим аҳамият касб этади. Юртимиз миллий маданий меросини чет элларда оммалаштириш, мамлакатимизга хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида мамлакатимиз сайёҳлик ташкилотлари Мадрид, Рига, Берлин, Париж, Токио, Лондон, Москва, Истамбул каби дунёнинг йирик шаҳарларида қатор кўргазмалар ташкил этмоқда ёки халқаро кўргазмаларнинг бевосита иштирокчиси сифатида қатнашмоқда. Бу, албатта, ўз самарасини бериб, хорижий сайёҳларнинг юртимизга оқими тобора кўпаймоқда. 

Жаҳон туризм ва саёҳат экспертлари Ўзбекистонни яқин келажакда сайёҳлар оқими янада ортиши кутилаётган беш давлат қаторига қўшмоқда. Улар мамлакатимизда кейинги 10 йил ичида туризмнинг йилига 7 фоиздан ўсиб боришини башорат қилишмоқда. 

Жаҳон банки мутахассислари фикрича эса, бу жиҳатлар Ўзбекистонда янги иш ўринлари яратилиши, экспорт ва ялпи ички маҳсулот ҳажми юксалишига хизмат қилиб, туризмдан келаётган даромад мамлакатимизда иқтисодий тараққиётни, аҳоли турмуши фаровонлигини таъминлашга имкон беради. 

Мақола тайёрланаётганда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси делегацияси 21-24 сентябрь кунлари Японияда бўлиб ўтган “JATA tourizm EXPO” ярмаркасида иштирок этиб қайтгани ҳақида хабар олдик. Қўмита мутахассиси Темир Мирзаевнинг айтишича, ярмарка доирасида мамлакатимиз делегацияси “Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишида туризмнинг ўрни” мавзуидаги конференцияда иштирок этиб, соҳани ривожлантириш, хорижий сайёҳларни қабул қилиш, хизмат кўрсатишни янада яхшилаш ва қўшимча иш ўринларини яратишдаги янги имкониятларни муҳокама қилган. Шунингдек, турли давлатларнинг туризм ташкилотлари раҳбарлари, етакчи сайёҳлик компаниялари билан учрашувлар ўтказилиб, самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда истиқболли келишувларга эришилган.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться